Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Депутатлар халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани(Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ён-атрофда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.Шу маънода мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 5 сентябрь куни Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартноманинг имзоланиши икки қардош халқлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга имкон берди.   

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси катта тарихий аҳамиятга эга эканлиги, орзулари, ниятлари бир қардош ўзбек ва қирғиз халқларини бир-бирига яқинлаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилиши таъкидланиб,  депутатлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Шундан кейин бир гуруҳ депутатлар томонидан қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага биринчи ўқишда киритилган  “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги  Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Қизғин баҳс мунозараларга сабаб бўлган  қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий, иқтисодий механизм ва воситаларни такомиллаштириш, қонун бузилишлари натижасида қўлланиладиган иқтисодий чоралар тизимини ривожлантириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳамда экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни яратиш назарда тутилади.

Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсати ва бошқарувининг асосий йўналишларини белгилашга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга, озон бузувчи моддалар ва уларнинг таркибида тутувчи маҳсулотларни  Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб киришни ҳуқуқий тартибга солишга шу билан бирга атмосфера ҳавосини трансчегаравий ифлосланишининг камайишига хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, ­мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса мулк жиноят қуроли сифатида фойдаланилганда, мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолатлар бўйича уни мусодара қилиш мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда. Депутатларнинг фикрича, қонунинг қабул қилиниши мамлакатимизда хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

 

 

Акмал Умирзоқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

 – Бугун қуйи палатада тарихий кун бўлди. Сабаби мажлисда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартномани (Бишкек. 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Қирғизистон парламенти томонидан ҳам бир овоздан қўллаб-қувватланганини эшитдик. Бу эса, албатта, икки халқнинг азалий муносабатларида янги саҳифа очиши билан бирга, қардош халқлар ўртасидаги  ҳар томонлама алоқаларининг янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Соҳибжон Исмоилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки давлат халқнинг  манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этди. Президентимиз ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома эса узоқ кутилган муҳим воқелик бўлди. Ушбу ҳужжатни ратификация қилишда биз депутатлар ҳам фаол иштирок этдик. Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳужжат икки давлатнинг савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳаларлардаги ҳамкорлигининг истиқболига хизмат қилади. Умуман олганда қонуннинг қабул қилиниши Давлатимиз раҳбарининг ён-атрофдаги мамлакатлар билан аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга доир ташаббусларининг амалдаги тасдиғи бўлди.


Кўришлар сони: 4714

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...