Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

29 – 30 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Парламент қуйи палатасининг муҳокамасига киритилган ҳужжатларнинг асосий қисми суд-ҳуқуқ соҳасига, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига тааллуқли бўлди.

Улар орасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов тақдим этган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Ушбу қонун лойиҳасининг долзарблиги мамлакатимизда Баркамол авлод йили деб эълон қилинган йилда айниқса муҳимдир. Қонун лойиҳаси вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу соҳада махсус қонун қабул қилиниши ўсиб келаётган авлод ўртасида тарбиявий ишлар самарадорлигини янги даражага кўтариш имконини беради. Бундай қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши болалар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишига, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилишига мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилаётганлигини яна бир карра намоён қилади. Ушбу ҳужжат вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари профилактикаси тизими органлари ва муассасаларини, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишларини, вояга етмаганлар ва уларнинг оилалари билан якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш асослари ҳамда тартибини, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик реабилитация қилиш тартибини белгилайди.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида депутатлар вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг профилактикаси масалаларини аниқ тартибга солиш, болаларни ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ота-оналар ва васийлик органларнинг масъулиятини ошириш муҳим эканлигини таъкидладилар. Муҳокама чоғида Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари ёш авлоднинг экологик таълими ва тарбияси муҳим эканлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага қабул қилинган тузатишларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини маромига етказиш ва учинчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритиш топширилди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам гаровга оид муносабатлар субъектларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу ҳақда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Н.Исмоилов маъруза қилди. Қонун лойиҳасининг мақсади гаровга оид ҳуқуқий муносабатларда кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлашдан, шунингдек қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини ўзаро мувофиқлаштиришдан иборат. Қонун лойиҳасида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг айрим нормаларини «Ипотека тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштириш бўйича қоидалар, шунингдек қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва «Ипотека тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритиш таклиф этилган. Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг вакиллари гаров аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш турган пул маблағларини сафарбар қилиш ҳамда уларни кредитлашга муҳтож бўлган субъектлар ўртасида жойлаштириш вазифасини бажарувчи молия-кредит тизимининг ривожланиши ва муваффақиятли фаолият кўрсатиши учун алоҳида аҳамиятга молик эканлигига эътиборни қаратдилар. Бу ўринда гаровга олувчининг ҳуқуқлари кафолатланиши гаровга оид муносабатларни ривожлантиришга ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида киритилган таклифларни инобатга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун парламентнинг юқори палатасига юборилади.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси М.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида маъруза қилди. Қонун лойиҳасида «Нотариат тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларга, Фуқаролик, Фуқаролик-процессуал, Оила, Солиқ кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, мамлакатимизнинг бошқа норматив ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.

Савол-жавоблардан кейин ҳужжат батафсил муҳокама қилинди. Моддама-модда кўриб чиқиш пайтида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим бўлган нотариат институтини мустаҳкамлашга, аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатишга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Шу муносабат билан натариусларнинг малака талабларига, ўз вазифаларини бажаришлари вақтида улар масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни шу боис нотариат тизимининг пухта ташкил этилиши бу соҳада қонунийликнинг барқарорлигига эришишга кўмаклашади. Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Депутатлар кўриб чиқиши учун Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда киритилди. Мазкур ҳужжат суд-ҳуқуқ ислоҳотини бундан буён ҳам давом эттиришга ва жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини либераллаштиришга қаратилгандир. Унда фуқароларни амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш механизмини янада такомиллаштириш назарда тутилган. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Таъкидландики, жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар амалда пушаймон бўлганлиги учун жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш институти нормаларини амалиётда тўғри ва бир хилда қўллашга қаратилгандир.

Қонунчилик палатаси депутатлар томонидан киритилган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди. Қонунчилик палатаси депутатлари кўриб чиқиши учун тақдим этилган қонун лойиҳаларининг бир қисми иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларнинг ишончли ҳуқуқий базасини яратишга, иқтисодий ислоҳотларни бундан буён ҳам амалга оширишга қаратилган.

Чунончи, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Ш.Тешаевнинг маърузаси бўйича Қонунчилик палатаси «Давлат солиқ хизмати органлари тизими янада модернизация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январда қабул қилинган «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Солиқ кодексларининг, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонунларнинг айрим моддаларига тузатишлар киритиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Улар таъкидлаб ўтдиларки, мамлакатимизнинг айрим қонунларига автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида тартиб ўрнатиш, ижара ҳақи тушуми, назорат-касса машиналаридан, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ ҳудудларда савдо ҳамда хизматлар кўрсатиш қоидаларига риоя этиш устидан назорат қилишни йўлга қўйиш мақсадида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонунчилик палатаси муҳокама жараёнида киритилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Депутатлар Б.Иминов, С.Отамуродов, Ш.Тешаев, А.Жумаевнинг қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 113-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Ш.Тешаев маъруза қилди. Қонун лойиҳасининг ташаббускорлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатларининг нормаларини бир хилда қўллаш, айрим нормалар ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 113-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилди. Айни бир вақтда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари бўлган депутатлар қонун лойиҳасининг концепциясига, шунингдек «гўёки» мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндошувга нисбатан шубҳа билдирдилар. Хусусан, қонун лойиҳаси ташаббускорларининг мавқеи етарли даражада асослаб кўрсатилмаган, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ўртага қўйилган саволларга берилган жавоблардан ва келтирилган далиллардан қониқиш ҳосил қилмадилар. Фракция аъзоларининг фикрига кўра, Божхона кодексининг тегишли моддаларига таклиф этилаётган ўзгартишлар муваффақиятли чиқмаган ва амалиётда нормаларнинг қарама-қаршилигига олиб келиши мумкин. Кескин ва узоқ давом этган мунозарадан кейин қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Унинг якунларига кўра қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан рад этилиб, Қонунчилик ташаббуси субъектларига қайтарилди.

Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун биринчи ўқишда киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фуқароларнинг ижтимоий соҳадаги кафолатланган манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу ҳақда депутатларга Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Қ.Эргашев маълумот берди. Қонун лойиҳасида иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳақидаги қонунчилик нормаларини жорий этиш назарда тутилган. Бўлиб ўтган муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзолари алоҳида таъкидладиларки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши жавобгарликни мажбурий суғурта қилиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларнинг иш берувчилар томонидан бажарилиши устидан назоратни таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий базани вужудга келтиради. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ҳ.Каримова тақдим этган «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари иштирок этдилар. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш ва ривожлантириш, фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадини кўзлайди. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари таъкидлаб ўтдиларки, ушбу қонун лойиҳасининг концепцияси партиянинг дастурий қоидаларидан келиб чиққан ва электорат манфаатларига мос келади. Мазкур ҳужжатни рўёбга чиқариш аҳолининг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий, таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга ҳамда фойдаланувчиларни ахборот билан таъминлаш учун шарт-шароит яратишга, миллий анъаналарни тиклаш ва ривожлантиришга, тарихий-маданий меросни асрашга кўмаклашади. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 11393

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...