Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонунчилик палатасида Давлат бюджетининг 2016 йилдаги ва 2017 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди

Қонунчилик палатасида Давлат бюджетининг 2016 йилдаги ва  2017 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди

1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар парламент назорати доирасида Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Эслатиб ўтамизки, ҳисобот сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг илгари бўлиб ўтган мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев республикамизда бошланган тизимли демократик ислоҳотларнинг ва мамлакатимизни модернизация қилишнинг сўзсиз давом эттирилишини, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини, шу жумладан  Давлат бюджетининг барча даражалардаги мутаносиблигини, миллий валютанинг ва ички бозордаги нархлар даражасининг барқарорлигини сақлаб қолишга, иқтисодиётда, биринчи навбатда саноатда ва қишлоқ хўжалигида чуқур таркибий ўзгаришларни амалга оширишга, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантиришга ва улар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган вазифаларнинг бажарилишини 2017 йилга мўлжалланган энг муҳим усутвор йўналишлар сифатида белгилаб берди.

«World Economic Outlook» Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра 2016 йилда жаҳон иқтисодиёти ўртача 3,1 фоизга ошди, ташқи савдо ҳажми эса атиги 1,9 фоизга ошган бўлиб, бу эса инвестициялар ҳажмининг 2015 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 13 фоизга пасайганлиги билан боғлиқдир.

Мажлисда таъкидланганидек, ушбу шароитда, Давлат бюджети тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ва 132 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда профицит билан ижро этилди. ЯИМнинг ўсиши 7,8 фоизни, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тегишинча 6,6 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, аҳоли жон бошига реал ялпи даромадлар 11 фоизга, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдори тегишинча 15 фоизга ошди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар ушбу соҳадаги ишларнинг жорий ҳолатини танқидий равишда таҳлил қилдилар.

Жумладан таъкидланганидек, жаҳон бозорларида конъюнктура барқарор эмаслигини ва рақобат кучайиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда инвестицияларни жалб этишда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз минтақаларига сафарлари чоғида ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг сўзсиз бажарилишига биринчи даражали эътиборни қаратиш даркор.

Давлатимиз раҳбарининг парламент томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойда мамлакатимизнинг турли ҳудудларига борадилар ва 10–12 кун мобайнида жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганадилар. Бундай амалиёт кўплаб муаммоларнинг ҳақиқий сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш имконини беради. Ўрганишлар якунлари шундан далолат берадики, уй-жой коммунал хизмат тизимидаги, транспорт ва йўл хўжалигидаги, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини таъминлашдаги, яъни ривожлантирилиши учун Давлат бюджетининг салкам 60 фоизи сарфланадиган ижтимоий соҳадаги камчиликлар мамлакатимиз минтақалари аҳолисини ташвишлантираётган энг долзарб масалалар ҳисобланади.

Бу борада бугунги кунда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга, соғлиқни сақлаш тизимини, таълим ва спортни такомиллаштиришга қаратилган 100 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўз навбатида, қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун жиддий молиявий маблағлар талаб этилади.

– Фуқаролар манфаатларини таъминлаш бевосита тадбиркорликни ривожлантиришга, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажаришга, самарали бюджет-солиқ сиёсатини юритишга, шунингдек инвестициялар ҳажмини изчил кўпайтиришга боғлиқдир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов. – Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида замонавий ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, шу билан хусусан, мамлакатимиз минтақаларида аҳолининг турмуш даражаси ва сифати ошмоқда. Бугунги мажлисга тайёргарлик давомида депутатлар жорий йилнинг 30 май куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳамда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг боришини танқидий таҳлил этиш ва баҳолашга бағишланган видеоселектор кенгашида Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни ўргандилар ва таҳлил қилдилар.

Мажлис давомида депутатлар вазирликлар ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда халқ депутатларининг тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш борасида олдинда турган аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг                    2016 йилдаги ҳамда 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 10141

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...