Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар

Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар

Жорий йилнинг 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, шунингдек Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази раҳбарларининг  ахбороти эшитилди.  

Аввал хабар берилганидек, 13 март куни парламент аъзоларига академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг, шунингдек Республика ихтисослаштирилган урология марказининг фаолияти тўғрисидаги ахборот тақдим этилган эди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғини бажариш бўйича Қонунчилик палатаси томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш ишлар тизимли асосда олиб борилаётганлигидан далолат беради.

Бунинг учун парламент қуйи палатаси ҳузурида Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилган. Бундан кўзланган асосий мақсад ушбу соҳадаги ишларнинг жорий ҳолатини чуқур ўрганиш ва танқидий таҳлил қилиш, энг долзарб, ўз ечимини кутаётган муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда муайян чоралар кўришдан иборатдир.

Шу сабабли муҳокама давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказлари томонидан Республика ҳамда бирламчи тиббиётнинг барча бўғинларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли тизими тўлиқ ташкил этилмаганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ушбу марказлар даволанувчиларининг 60 фоиздан зиёди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи фуқароларга тўғри келади.

Мамлакатимиз ҳудудларида жарроҳлик амалиётларини ўтказишда марказлар раҳбарлари ҳамда етакчи мутахассислар томонидан етарлича амалий ёрдам кўрсатилмаяпти.

Ихтисослаштирилган марказларнинг ходимлари ва мутахассисларини хориждаги етакчи клиникаларда янги тиббий технологиялар ҳамда замонавий тиббий ускуналарда ишлаш бўйича ўқитиш, шунингдек  хориждаги тиббиёт муассасаларидан жалб этилган ўзбек мутахассислари учун шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурияти мавжуд.

Бундан ташқари, марказларнинг расмий веб-сайтларида улар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эмас, шу сабабли аҳоли кенг қатламларининг ахборот олиш имконияти чекланган.

Кўз ва кардиология касалликларини даволаш, профилактика қилиш учун мўлжалланган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар бўйича тендер савдоларини ўтказиш тартиб-таомили анча соддалаштиришни талаб қилади.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази учун мўлжалланган қўшимча комплекснинг қурилишини якунлаш учун сотиб олинган ускуналар расмиятчилик сабабли божхона омборларида турибди.

– Бугунги эшитув бизга ўз фаолиятимиз, шу жумладан ютуқларимиз тўғрисидаги ахборотнинг тақдимотини парламентда ўтказиш имконини берди. Шу билан бирга, депутатлар томонидан ишимиз самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор таклифлар билдирилди. Фаолиятимизнинг айрим йўналишлари асосли танқидга учради, – деди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази шифокори М.Каримова. – Ўйлаймизки, худди шундай парламент назоратининг амалга оширилиши бизнинг масъулиятимизни кучайтиради.

– Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази раҳбарлари томонидан тақдим этилган ахборот аҳолини қизиқтирадиган кўплаб масалаларни қамраб олди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Эгамов. –  Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун мамлакатимизнинг турли минтақаларига боришлари чоғида депутатлар тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу муносабат билан, муҳокамалар жараёнида депутатлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш учун мазкур марказлар томонидан жойларда қандай тадбирлар ташкил этилаётганлиги тўғрисидаги масалага тўхталиб ўтдилар. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан доимий узвий  алоқани узмаслик муҳимдир. Махсус ёрдамга мухтож бўлган оддий фуқаро ҳам тегишли тиббиёт марказининг ҳар қандай мутахассиси хизматидан фойдалана олиши лозим. Шу сабабли, мутахассисларнинг малакасини, тиббиёт ходимларининг мулоқот маданиятини оширишга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Умуман олганда, мажлис қизиқарли баҳс тарзида ўтди. Депутатлар аҳолининг ва партиялар электоратининг манфаатларини инобатга олган ҳолда, жойлардаги ҳақиқий аҳволни, шунингдек ушбу муассасалар фаолиятини, аҳолининг тегишли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш натижаларига асосланган турли саволлар билан мурожаат қилдилар. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази раҳбарлари депутатларни қизиқтирган саволларга  жавоб бердилар.

Мажлис якунларига кўра, Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди, қарорда барча муҳокама қилинган масалалар ўз аксини топди ва юқорида кўрсатиб ўтилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг амалга оширилиши устидан доимий парламент назорати  олиб борилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 853

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.07.2017
Сирдарёда сиёсий партиялар фаолияти талаб даражасида эмас

Шу кунларда Президентимизнинг 2017 йил 12 июль кунидаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар...

25.07.2017
Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди

Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришде...

24.07.2017
Партия “уйғонди”: Сарвар Отамурадов уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганга келди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари Президент Шавкат Мир...