Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартибини тасдиқладилар.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзоси Б.Бекжонов «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ равишда ишлаб чиқилган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг асосий вазифалари ва функциялари белгиланган. Чунончи, фуқароларнинг пенсия таъминотига, шу жумладан пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг ҳисоби ва мониторингини юритишга доир функциялар ва тузилмалар, шунингдек тиббий-меҳнат экспертизаси фаолиятини ташкил этиш масалалари Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ихтиёрига ўтказилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Жиноят- ижроия, Жиноят-процессуал, Оила кодексларига, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш чоғида депутатлар ушбу ҳужжат фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштиришга, қонун ҳужжатларидаги айрим ҳуқуқий нормаларнинг янада аниқроқ қўлланишига, уларда қарама-қаршиликларга йўл қўйилмаслигига қаратилганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракцияси вакиллари аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш зарурияти туфайли қонун лойиҳасининг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ижтимоий адолат принципига оғишмай риоя этилишига хизмат қилишига эътиборни қаратдилар. Ҳужжатни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Қонунчилик палатаси «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги 222–II-сонли Қарорининг 1-иловасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳаларини муҳокама қилди. Мажлис жараёнида мамлакатда бозор иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётганлиги, уй-жой фондининг, нотурар жойлар ва ишлаб чиқариш объектларининг ташкил этилганлиги ҳамда тижорат айланмасига фаол жалб этилганлиги, хўжалик юритиш услубларидаги принципиал ўзгаришлар Ўзбекистонда риэлторлик хизматлари кўлами ва диверсификациясининг кенгайишига олиб келганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра ҳозирги вақтда бизда кўчмас мулк бозорида воситачилик хизматлари кўрсатувчи 2516 та ташкилот рўйхатга олинган. Мутахассисларнинг берган баҳоларига кўра эса, бундай фаолият билан расмий рўйхатдан ўтмаган ҳолда шуғулланаётганларнинг сони анча кўп. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши риэлторлик фаолияти масалаларини тартибга солувчи самарали зарур ҳуқуқий базани яратишга кўмаклашади ва унинг амалга оширилиши эса бу соҳада етарли даражада малакага эга бўлмаган шахслар йўлига жиддий тўсиқ бўлади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги 222–II-сонли Қарорининг 1-иловасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ана шу рўйхатга риэлторлик фаолиятини ҳам киритиш зарурияти муносабати билан ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур ҳуқуқий ҳужжат ҳам мамлакатимизда кўчмас мулк бозорининг ривожланишига кўмаклашади.

Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳалари батафсил муҳокама қилинди, муҳокама жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси вакиллари риэлторлик фаолиятининг ривожланган норматив-ҳуқуқий базасига эга бўлиш кўчмас мулк миллий бозорининг нормал ривожланиши, давлат рўйхатидан ўтиб, кўчмас мулк бозорида воситачилик хизматлари кўрсатаётган тадбиркорлик тузилмаларининг самарали фаолияти учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишини таъкидладилар.

Келиб тушган барча таклифларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳаларининг концепцияларини маъқуллади ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилиш ва масъул қўмитага ушбу ҳужжатларни кейинги ўқиш учун тайёрлашни топширди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Божхона ва Солиқ кодексларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Банкротлик тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Муҳокама жараёнида киритилаётган ўзгартишлар баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг уйғунлашувига, тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг яхлитлиги ва тизимлилигига, ҳуқуқни татбиқ этишнинг ягона амалиётига кўмаклашиши таъкидланди. Ҳужжатни такомиллаштириш бўйича тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таклифларига кўра депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш масалалари бўйича жамоат эксперт гуруҳлари тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Муҳокама чоғида эксперт гуруҳларнинг таркибларига малакали мутахассислар, норма ижодкорлиги фаолияти борасида катта тажрибага эга бўлган илмий ходимлар тавсия этилганлиги таъкидланди. Шунингдек экспертларнинг қонун ижодкорлиги ишида фаол иштирок этиши парламент қуйи палатасининг қўмиталарида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларининг сифати ва савиясини оширишга кўмаклашиши, фуқаролик жамиятининг турли институтлари вакилларини қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этиш имконини бериши таъкидланди. Киритилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш масалалари бўйича жамоат эксперт гуруҳларининг таркибларини тасдиқладилар ҳамда тегишли қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 8363

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...