Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

«Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси А.Тўхташев маъруза қилди. Таъкидландики, қонун лойиҳаси пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялашни жорий этишни, уларнинг қонунга хилоф муомаласи учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади. Пиротехника буюмларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш лицензияланиши керак.

Савол-жавоблардан кейин қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилиниб, унда барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар пиротехника буюмлари муомаласи устидан самарали давлат назоратининг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишининг, ижтимоий хавфсизлик таъминланишининг муҳимлигини таъкидладилар. Моддама-модда муҳокама қилиш чоғида қонун лойиҳасининг айрим нормалари тегишли ҳуқуқий атамаларнинг қўлланиши ва уларнинг шарҳланиши масалалари юзасидан баҳсларга сабаб бўлди. Қонун лойиҳасининг айрим моддалари юзасидан ҳужжатнинг баъзи нормаларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритилди. Қонунчилик палатаси тушган таклифларни инобатга олган ҳолда қонунни қабул қилди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига маъқуллаш учун юборилади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Р.Собиржонов «Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинди.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш пайтида депутатлар унинг монополияга қарши ишларни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, рақобат муҳитини изчил ривожлантириш, табиий монополиялар корхоналари фаолиятини назорат қилишни кучайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ишларини фаоллаштиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши фуқаролар тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши, уларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиради.

Билдирилган фикр ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар қонунни қабул қилдилар, у маъқуллаш учун парламентнинг юқори палатасига юборилади.

Депутатлар Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Солиев томонидан тақдим этилган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳасига мувофиқ Ўзбекистонда тамакини, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликларни реклама қилиш, шунингдек рекламада ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хорижий сўз ва иборалардан фойдаланиш, иштирок этиш учун муайян маҳсулотни олиш шарти қўйилган рағбатлантирувчи лотерея, танлов, ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа тадбир ўтказишни реклама қилиш тақиқланади.

Ҳужжатни моддама-модда кўриб чиқиш пайтида депутатлар киритилаётган, Ўзбекистон аҳолисининг, айниқса мамлакатимиз ёш авлодининг соғлиғини, барча истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормаларнинг улкан ижтимоий аҳамиятга молик эканлигини таъкидладилар. Қонунчилик палатаси айрим ҳуқуқий қоидаларни такомиллаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А.Зиё тақдим этди. Қонун лойиҳаси юридик шахсларнинг асарларига нисбатан ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатларини белгилайди, эфир ва кабель орқали эшиттириш ёки кўрсатувларни муаллифлик ҳуқуқи соҳасидан турдош ҳуқуқлар соҳасига ўтказишни назарда тутувчи қоидаларни ўз ичига олади.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида депутатлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этдилар. Таъкидландики, давлат миллий манфаатлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда фан, адабиёт ва санъат асарларини муҳофаза қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза қилиш кафолатларини тўла ҳажмда бериш имкониятини яратувчи етарлича ҳуқуқий база таркиб топди. Қонунчилик палатаси тушган барча фикр-мулоҳазаларни эшитиб ва муҳокама қилиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси С.Жакбаров томонидан тақдим этилди.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бир қатор амалдаги қонунларида мавжуд бўлган ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини бир хилда қўллашга тўсқинлик қилаётган қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этишга қаратилгандир. Чунончи, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги, «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Ер, Жиноят, Шаҳарсозлик кодексларининг, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилди.

Ҳужжатни муҳокама қилиш пайтида депутатлар амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва давр талабларини ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштирилиши мақсадида уларни изчил ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек қонун ҳужжатларини тўғри қўллашнинг муҳим шарти бўлган атамалар ва тушунчаларни аниқ белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Қонунчилик палатаси муҳокама жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни масъул қўмитага топширди.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси М.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларига, «Нотариат тўғрисидаги», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларга, мамлакатимизнинг бошқа норматив ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.

Савол-жавоблардан кейин ҳужжат батафсил муҳокама қилиниб, депутатлар унинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатишга даъват этилган нотариат институтини мустаҳкамлашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Муҳокама пайтида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.


Кўришлар сони: 10178

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...