Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назорати

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йилдаги ва 2010 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги масала киритилди.

Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назорати Олий Мажлиснинг конституциявий ваколатларидан келиб чиқадиган асосий вазифаларидан биридир. Шу муносабат билан мамлакат асосий молиявий ҳужжати параметрларининг ижро этилиши масалалари дастлаб ҳафта давомида барча сиёсий партияларнинг фракцияларида, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг депутатлар гуруҳида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қатор қўмиталарида Иқтисодиёт, Молия вазирлиги ва бошқа идораларнинг мутахассислари ва экспертлари жалб этилган ҳолда чуқур ўрганилди. Давлат бюджетининг жойлардаги ижроси билан боғлиқ айрим масалалар депутатлар томонидан шу соҳадаги аҳвол тўғрисида янада тўғрироқ тасаввур ҳосил қилиш учун минтақаларга чиқилган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш чоғида аниқланган айрим муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаб топиш, шунингдек, муҳокамалар чоғида қўйилган масалалар бўйича қўшимча материаллар, мутахассисларнинг маълумотлари ва ахбороти сўраб олинди. Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашида ҳам чуқур таҳлил қилинди. Барча мазкур ишлар парламент қуйи палатасининг мажлисида ўзининг мантиқий ечимини топди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йилги ва 2010 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида маъруза қилди.

Жаҳон иқтисодий таназзулининг салбий оқибатларига қарамай, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобот даврида илгари Олий Мажлис томонидан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ижро этилганлиги таъкидланди. Бюджет ижроси жараёнида асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларини амалга оширишга қаратилди. Қабул қилинган чоралар натижасида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти, саноат маҳсулоти, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, улгуржи товар айланмаси, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсди.

Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини биринчи навбатда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳсулот таннархини пасайтириш, кооперациявий алоқаларни кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотига бўлган ички талабни рағбатлантириш ҳисобидан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплекси амалга оширилди. 2009 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,3 баробар ошди, 120 дан зиёд янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жаҳон бозорларидаги ўта ноқулай конъюнктура шароитларида мамлакатимиздаги экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида экспорт ҳажмининг 2,4 фоизга ўсиши таъминланди.

Иқтисодиётни тузилмавий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш, инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш сиёсати изчил амалга оширилди. 2009 йилда автомобилсозликда, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика саноати ва бошқа тармоқларда янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Автомобил ва темир йўл транспорти тизимлари ҳамда телекоммуникацияларни илдам ривожлантириш борасида фаол иш олиб борилди. 2009 йилда қабул қилинган инқирозга қарши чора-тадбирлар натижасида 940 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди, шундан 500 мингга яқини қишлоқ жойларга тўғри келади.

Ўтган йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида эришилган ютуқлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг жорий йил биринчи чорагидаги муваффақиятли ижроси учун яхши асос яратди. Кўрилган чоралар натижасида саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишлари, улгуржи савдо айланмасининг барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Фаол инвестиция сиёсати ва стратегик аҳамиятга эга бўлган модернизация лойиҳаларининг амалга оширилиши, иқтисодиёт етакчи тармоқларининг техник ва технологик жиҳатдан янгиланиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўтган йилнинг ҳозирги даврига нисбатан ортиши учун имконият яратди. 118 та янги ишлаб чиқариш объекти, шу жумладан, енгил ва тўқимачилик саноатида – 15 та, озиқ-овқат индустриясида – 41 та, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда – 56 та, машинасозлик ва бошқа соҳаларда – 6 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети жорий йилнинг биринчи чорагида профицит билан ижро этилди.

Экспорт қилишни рағбатлантириш ва янги ташқи бозорларга тайёр маҳсулот жўнатиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида Экспорт ҳажмининг ўсиши таъминланди ва ташқи савдо айланмасининг ижобий салдосига эришилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида янги иш ўринларини барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалда рўёбга чиқариш доирасида 215,4 мингта иш ўрни яратилди, шундан 150,1 мингтаси қишлоқ жойларда барпо этилди. Иш ўринларининг каттагина қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ташкил этилди. Ҳар томонлама камол топган ёш авлодни тарбиялаш учун мамлакатда зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган «Баркамол авлод йили» Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш ишлари бошланди.

Сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи томонидан саволлар берилиб, уларда электоратнинг манфаатларига дахлдор ёндашувларга эътибор қаратилди.

Бўлиб ўтган муҳокама чоғида Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун ажратиладиган бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш устидан қатъий назорат олиб бориш зарурлигини уқтирдилар. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари аҳолининг кам таъминланган қатламларини аниқ йўналтирилган ҳолда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласини ёқлаб, ижтимоий эҳтиёжлар учун йўналтирилаётган маблағларнинг қонунга хилоф равишда сарфланиши устидан ғазначилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари жойларда хусусий бизнесни режали асосда ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга тааллуқли чора-тадбирларни маъқуллаб, бу ишларни амалга оширишда депутатлар корпусининг фаол иштирок этиши бўйича аниқ таклифлар киритдилар. Бу таклиф Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси фан, таълим ва маданият соҳаларини молиялаштириш кучайганлигини юқори баҳолаб, маблағлардан оқилона фойдаланиш учун янада самаралироқ механизмни ишлаб чиқиш тўғрисида таклиф киритдилар.

Депутатлар мамлакатни ривожлантириш, янгилаш ва модернизация қилишнинг тўғри танланган стратегияси туфайли ҳамда 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастурини бажариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва имкониятларни сафарбар этиш натижасида ҳисобот даврида глобал молиявий-иқтисодий инқироз таҳдидлари ва хавфларига муваффақиятли қарши туришгагина эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор суръатларини таъминлашга, халқ турмуши ва фаровонлиги даражаси ўсишига эришилганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мураккаб шароитларда мамлакатнинг Давлат бюджетини ижро этиш борасида катта ишларни амалга оширди, бунда аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият соҳаларини ўз вақтида молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор берди. Ўтган йилда бюджет маблағларининг ярмидан кўпроғи ижтимоий соҳани ривожлантириш учун сарфланди.

Банк соҳасига зарур ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда иқтисодиёт реал секторининг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш ҳамда экспортга йўналтирилган корхоналарга зарур имтиёзлар ва енгилликлар бериш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда диверсификация қилиш ҳисобига харажатларни камайтириш ва фойдани кўпайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам Инқирозга қарши чоралар дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари бўлди. Хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларига катта эътибор бериш инқирозга қарши туриш ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётда эришилган ютуқлар мамлакатимиз танлаб олган мустақил ривожланишнинг дастлабки йилларидаёқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилиб, илгари сурилган ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан иқтисодий ислоҳотларнинг «ўзбек модели» сифатида эътироф этилган бешта асосий принципига асосланган иқтисодиётни ислоҳ этиш йўли тўғри эканлигининг яна бир сўзсиз исботидир.

Муҳокама чоғида депутатлар томонидан билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йилги ва 2010 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.


Кўришлар сони: 10437

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...