Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил
27 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир», шунингдек, 2010 йил 29 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги «Асосий вазифамиз — Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир» мавзуидаги маърузаларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастури тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Бахтиёр Ёқубов маъруза қилди.

Дастурнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларини комплекс равишда қонунчилик йўли билан таъминлаш, Қонунчилик палатасининг самарали назорат-таҳлил фаолиятини, депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини ташкил этиш, либерал ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, парламентни мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ифодаловчисига айлантиришдан иборат.

Дастур давлатимиз раҳбарининг жорий йил январ ойида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган принципиал қоидалар ва ғоялар асосида ишлаб чиқилган. Шунингдек, ҳужжатда сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг дастурларида белгиланган вазифалар ўз аксини топган. Дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда депутатлар парламент, шунингдек, сиёсий партиялар ҳамда улар фракцияларининг мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш ва модернизация қилишдаги ролини янада оширишни таъминлашга, Ўзбекистонда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципини изчил рўёбга чиқаришга қаратилган устувор вазифаларни самарали амалга оширишлари учун янгича ёндашувлардан фойдаланилган.

Умуман олганда, мазкур Дастур доирасида, 2010 йил мобайнида жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг турли йўналишлари бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи барча субъектларнинг фаол иштирокида ишлаб чиқиладиган ва киритиладиган 39 та қонунни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Бунда ушбу қонунлардан 17 тасини барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари бўлган депутатларнинг қонунчилик ташаббуси тартибида ишлаб чиқиш мўлжалланган. Дастурда мамлакатимизнинг барча минтақаларини қамраб олган ҳолда парламент назоратининг турли шаклларидан фаол фойдаланишга, парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини кучайтиришга ва самарадорлигини оширишга қаратилган 40 дан зиёд турли тадбирлар (конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари) ўтказиш назарда тутилган. Депутатларнинг сайлов округларидаги ишини сифат жиҳатидан яхшилашга алоҳида эътибор берилган.

Бу масалани муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар Дастурда олдинги чақириқ парламент ишида мавжуд бўлган нуқсонларни бартараф этишга катта эътибор берилганлигини таъкидладилар. Бинобарин, Дастурда белгиланган кўпгина вазифалар ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилмоқда, қўмиталар қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштириш, Президент Ислом Каримовнинг маърузасида баён этилган ғояларни амалда рўёбга чиқариш билан жиддий шуғулланмоқда.

Янгидан сайланган депутатлар корпуси сифат жиҳатидан янгича сиёсий, социал-иқтисодий шароитларда ишлашига тўғри келади. Бугунги кунда мамлакатимиз олдида давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётнинг бундан буён ҳам барқарор ривожланишини, мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, юртимизда тинчликни сақлаш борасида ўз миқёси ва кўлами жиҳатидан улкан вазифалар турибди.

Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида қонун чиқарувчилар олдида турган мураккаб ва масъулиятли вазифаларни ҳал этиш учун парламент иши самарадорлигини ошириш йўлларини тинимсиз излаш зарур эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан бошқарув органлари тузилмалари фаолияти устидан янада таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни кенг ёритиш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимдир.

Парламент назоратининг депутат сўрови, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг жамиятимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларидаги ишларнинг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш каби шаклларидан янада самаралироқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда депутатлар сайловчилар билан янада самаралироқ ишлаши, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ва партия ташкилотлари билан доимий мулоқотда бўлиши лозим. Ишлаб чиқилган Дастурнинг айрим бўлимлари ана шунга қаратилгандир.

Муҳокама чоғида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ўзининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган фаолияти Дастурини маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Нурдинжон Исмоилов тақдим этди. Ҳужжат гаровга оид ҳуқуқ муносабатлари соҳасида кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи ҳуқуқий нормаларни қонунда мустаҳкамлашга, шунингдек, бу соҳада амал қилаётган қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини мувофиқлаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида гаровда кредиторларнинг манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқроқ ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, «Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши тегишли соҳада ягона намунадаги ҳуқуқни қўлланиш амалиёти учун шароит яратиш имконини беради.

Бўлиб ўтган муҳокама чоғида депутатлар томонидан билдирилган ҳамда ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган барча таклифларни муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди. Мазкур лойиҳани кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказиш масъул қўмитага топширилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари Равил Собиржонов «Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралда қабул қилинган «Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинган.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар қонун лойиҳаси монополияга қарши ишларни янада такомиллаштириш, рақобат муҳитини изчил ривожлантириш, табиий монополиялар корхоналари фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этишлари, уларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатини кучайтиради.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар қонун лойиҳасининг консепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

O'zA



Кўришлар сони: 10242

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...