Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкентда 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов очди. У юртдошларимиз ўзининг юксак сиёсий маданияти, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этиб, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашганини таъкидлади. Сайлов жараёнини 5 халқаро ташкилот ва 46 давлатдан 600 га яқин кузатувчи кузатиб борди. Бу Ўзбекистон Президенти сайлови демократик талабларга тўла мос тарзда, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар доирасида, очиқ ва ошкора ўтганининг ёрқин далилидир. 

Юксак савияда ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овозини олиб ғолиб бўлди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси залда ҳозир бўлганлар ва сайловчилар номидан Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ Президент Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросими якунланди. 

Танаффусдан сўнг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. 

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов бошқарди. 

Мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия этилади. Шунга мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазир лавозимига номзод кўрсатилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этди. 

– Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман. 

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни А.Ариповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди. 

Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври, деди Шавкат Мирзиёев. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. 

Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради. 

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси қанчалик ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, бутун мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланиб бормоқда. 

Шу билан бир қаторда, кейинги икки ой давомида Бош вазирнинг электрон порталига тушган 270 мингдан ортиқ мурожаат, шунингдек, янги ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га бўладиган мурожаатларнинг ечими бўйича ҳам аниқ ва тезкор иш тизимини яратиш талаб этилади. Бу ишларга ҳукумат раҳбарининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши зарур, деди Президентимиз. 

Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман. 

Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради. 

Давлатимиз раҳбари А.Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади. 

А.Арипов бугунги кунда олдимизда турган жуда катта масалаларни ҳал этишда, яъни мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни янги босқичга кўтариш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали асосда ташкил этиш, Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш салоҳиятига эга. У ўзига юклатилган ҳар қандай топшириққа, катта ёки кичик демасдан, бир хил масъулият билан ёндашади, сўзсиз бажариш ва мантиқий якунига етказиш чораларини кўради. 

Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир. 

Сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлардан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман, деди давлатимиз раҳбари. 

А.Арипов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади. 

Мажлисда сўзга чиққанлар Президентимизнинг маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган А.Арипов номзодини маъқуллади. Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси якунланди. 


Кўришлар сони: 6837

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...