Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар
6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Илгари парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди. 

Парламент вакиллари ўз ишларини “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар. 

Таъкидландики, прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактикасини таъминлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. 

Прокуратура органлари ходимларининг касб байрамини белгилаш прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, улар томонидан хизмат вазифаларининг виждонан бажарилишини рағбатлантиришга хизмат қилади. 

Шундан сўнг депутатлар “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. 

Депутатлар таъкидладиларки, мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштиришга, бошқарувнинг бозор принциплари ва механизмларини жорий этишга, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилишнинг ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилди, хусусий мулкнинг ролини оширишга ҳамда уни ҳимоя қилишга, ишбилармонлик муҳитини ва бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Мазкур фармонни амалга оширишга қаратилган қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашни, уларнинг масъулиятини янада эркинлаштиришни ва жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишни назарда тутади. 

Муҳокама давомида таъкидландики, қонунда молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг ходимларини, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш назарда тутилмоқда. 

Депутатларнинг фикрларига кўра, ушбу нормалар тадбиркорлик субъектларини икки томонлама жазолаш имкониятини истисно этибгина қолмай, балки илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз ўз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имкониятини беради, бу эса уларнинг ишбилармонлик борасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Солиқ кодексига ҳамда бир қатор бошқа қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида бир қатор қонун ҳужжатларига муқобил текширувларнинг барча турларини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилишга тааллуқли тузатишлар киритиш назарда тутилади. Бу эса тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текшириш имкониятини истисно этишига олиб келиши муҳимдир. 

– Ўзбекистонда кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида катта эркинликлар беришга, иқтисодиётда давлатнинг иштироки даражасини қисқартиришга жиддий эътибор қаратилмоқда, – дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси В.Цветков. – Мазкур қонунда назарда тутилаётган нормалар хусусий мулкни ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш барча сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирокида ўтди, барча билдирилган фикрлар инобатга олинди, бу эса қонунни янада такомиллаштиришга ва унинг ҳуқуқни қўлланиш амалиётига оид таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. 

Қуйи палата депутатлари ўз ишларини “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш билан давом эттирдилар. 

Чунончи, қонун лойиҳасида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига тузатишлар киритиш назарда тутилмоқда. Бу 2017 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг тасдиқланган концепцияларини амалга ошириш, қонун ҳужжатларидаги айрим нормаларнинг аниқлаштирилиши ва бир хил маънода қўлланилишини таъминлаш бўйича ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқдир. Шунингдек, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқий тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгандир. 

Депутатлар мазкур қонунларни қабул қилиш ва Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида қарорлар қабул қилдилар. 

Амалий мулоқот чоғида парламент қуйи палатасининг депутатлари “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. 

Таъкидландики, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини уларнинг маҳсулот белгиларидан инсофсиз рақобатчилар томонидан фойдаланилишидан ҳимоя қилиш даражасини сифат жиҳатдан ошириш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатга олинган товар белгилари тўғрисидаги ахборотлардан жадал фойдаланиш, суд қарорларини қабул қилиш чоғида товар белгисини инсофсизлик билан рўйхатдан ўтказилишидан тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишда якуний қарорнинг янада аниқ ва бир хилда ифодаланишини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, товар бозорларида инсофсиз рақобат ҳолатларига қарши янада самаралироқ курашиш ва бундай ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш жуда муҳимдир. Нормалар интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқининг халқаро амалиётига мувофиқлаштирилган. 

– Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида мазкур лойиҳа профессионал ҳамжамият билан, шу жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги, Давлат рақобат қўмитаси, патентчилар ва тадбиркорлик субъектларининг вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтказилди, – дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг аъзоси П.Свешников. – Бу зарур таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди ва пировардида ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш чоғида ушбу таклифлар ва тавсиялар инобатга олинди. 

Шунингдек, мажлисда депутатлар “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”гива “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига эътиборни қаратдилар. 

Таъкидландики, мазкур тузатишлар рухсат бериш тусидаги лицензиялар ва ҳужжатларни қайта расмийлаштириш тартибини такомиллаштиришга ва шу билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилгандир. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши рухсат бериш тусидаги лицензиялар ва ҳужжатларни қайта расмийлаштириш тартибини соддалаштиришга ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш борасидаги ноаниқликларни бартараф этишга хизмат қилади. 

– Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги ва тадбиркорлик соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди, – дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг аъзоси С.Исмоилов. – Таҳлил шуни кўрсатадики, ушбу қонун ҳужжатларида берилган лицензияларни ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни қайта расмийлаштириш масаласини тартибга солиш соҳасида муайян камчиликлар мавжуд. Шунинг учун ҳам ушбу қонун ўз вақтида қабул қилинмоқда, мазкур соҳадаги муносабатларни йўлга қўйишни тартибга солиш имконини беради. 

Мажлис қизиқарли баҳс тарзида ўтди, бу эса ушбу ҳуқуқий ҳужжатларни ҳар томонлама муҳокама этиш имконини берди. Парламент вакиллари Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. 


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати



Кўришлар сони: 2579

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.07.2017
Сирдарёда сиёсий партиялар фаолияти талаб даражасида эмас

Шу кунларда Президентимизнинг 2017 йил 12 июль кунидаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар...

25.07.2017
Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди

Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришде...

24.07.2017
Партия “уйғонди”: Сарвар Отамурадов уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганга келди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари Президент Шавкат Мир...