Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар

Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар

24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари,  тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳонда миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 7,2 фоизга ўсди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Бунда макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилди.

Чуқур ўйланган, пухта пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилганлиги Давлат бюджети даромад қисмининг прогноз кўрсаткичларига нисбатан 100,2 фоизга ижросини таъминлаб, бу ЯИМга нисбатан 21,7 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг харажатлари ЯИМга нисбатан 21,6 фоизни ташкил этиб, бу Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажариш имконини берди.

Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб бердилар.  

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А. Шадмановнинг қўшимча маърузаси эшитилди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишларини изчил амалга оширилиши иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган. Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилган.

Мамлакатимиз Давлат бюджетининг 2016 йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакатимиз Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси аъзолари мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожлантиришга, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг даҳлсизлиги кафолатларини таъминлашга, шунингдек инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида, микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсди ва ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратди. Мазкур даромад тури бўйича тушумлар 1 трлн. сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга ўсгани эътироф этилди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишни янада рағбатлантириш, хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун хомашё ресурсларини очиқ биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини ошириш ва шу орқали уларнинг харид имкониятларини янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг юқори натижаларини алоҳида эътироф этдилар.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган субвенция улуши 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 бандга камайганлиги ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 14 та туман ва шаҳарларни субвенциядан чиқарилганлиги партиянинг иқтисодий соҳадаги мамлакатимиз ҳудудларини ўзаро уйғун ривожлантириш, маҳаллий бюджетларни даромадлар базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларига тўла мос келаётганлиги таъкидланди.

Фракция вакиллари жойларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мавжуд имконият ҳамда салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар мажлис иштирокчиларининг диққатини аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш масалалари шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига қаратдилар.

Хусусан, ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошиб, жорий йил 9 ойида Давлат бюджети маблағларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилган.

Депутатлар марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомга риоя қилиш, шунингдек Бюджет кодекси нормалари ва қоидалари ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтириш бўйича масъулиятини оширишга доир бир қатор таклифлар билдирдилар.

Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси фракцияси аъзолари таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Хусусан, илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган 92,4 млрд. сўм, инновацион лойиҳаларга 15,7 млрд. сўм маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этдилар.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлардан жойларда оқилона ва мақсадли фойдаланилиши устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш зарурлигини билдирдилар.

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик бар­қарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ҳамда тоза технологияларни кенг жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар йўналтирилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаган ҳолда, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг ижросини таъминлаш ва самарадорлигини оширишни, келгусида оқава сув тозалаш иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш учун маблағлар миқдорини қўпайтиришни таклиф қилдилар.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.


Кўришлар сони: 8219

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.11.2017
САЛОМ МУРАББИЙ

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ...

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...