Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Қ.Акмалов маъруза қилди. Маърузачи таъкидлаб ўтдики, Ҳисоб палатасининг ҳисобот давридаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йилдаги аудитини ўтказиш ва бюджетнинг ижросини баҳолаш, мамлакатнинг 2010 йил учун мўлжалланган асосий молиявий ҳужжати лойиҳасини экспертизадан ўтказиш, 2009 – 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш юзасидан иқтисодиётнинг реал секторида кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганиш, ҳам республика, ҳам маҳаллий даражаларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши устидан назорат қилиш масалаларига қаратилди.

Давлат бюджети даромад қисмининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши тармоқ ва ҳудудлар бўйича моддама-модда таҳлил қилинди, даромадларнинг тўлиқ тушиши, Республика йўл жамғармаси, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармасининг, шунингдек Аҳолининг ишда бандлигига кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари мақсадли, оқилона ва самарали сарфланиши устидан назорат амалга оширилди.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан молиявий маблағларнинг шакллантирилиши ва улардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши текширилди, мамлакат ташқи савдо айланмасининг ҳолати таҳлил қилинди, товарлар импортини мақбуллаштириш масалалари, экспорт тушуми тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда чет эл валютаси сотилиши шартлиги масалалари ўрганилди.

Ҳар бир текшириш натижалари Ҳисоб палатаси ҳамда текширилган вазирлик ва идоралар ҳайъатларининг қўшма мажлисларида барча бўлинмалар раҳбар ходимлари иштирокида кенг муҳокама қилиб борилди. Текширишлар якунлари бўйича бир қатор масъул шахсларга нисбатан молиявий қоидабузарликларга йўл қўйганлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Савол-жавоблардан кейин ҳисобот батафсил муҳокама қилинди. Муҳокама пайтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Улар таъкидладиларки, Ҳисоб палатаси ҳисобот даврида нафақат молиявий қоидабузарликларни аниқлаш, балки айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш билан ҳам шуғулланди. Шу билан бирга Ҳисоб палатасининг эътибори мунтазам қоидабузарликларга барҳам бериш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан мукаммал чора-тадбирлар кўрилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигига қаратилди. Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш тавсия этилди.

Муҳокама жараёнида депутатлар Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам киритдилар. Қонунчилик палатаси билдирилган фикр-мулоҳазалар ва истакларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилги ҳисоботини тасдиқлаб, тегишли қарор қабул қилди.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси Б.Иминов маъруза қилди. Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Муҳокама вақтида таъкидландики, қонун лойиҳаси ички ишлар органларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлари оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар ички ишлар органларининг хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган ходимларининг ота-оналари ва янги никоҳдан ўтмаган беваларига энг кам иш ҳақининг
30 фоизи миқдорида пенсияга қўшимча олиш ҳуқуқини беради. Улар олинган даромадлари ва ўз мулкидаги мол-мулк учун солиқ тўлашдан ҳам қисман озод қилинадилар.

Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида баён этилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси О.Охунова депутатларга Қонунчилик палатасининг кўриб чиқиши учун иккинчи ўқишда киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берди.

Савол-жавоблардан кейин депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқдилар. Ушбу ҳужжат вояга етмаганларнинг ижтимоий жиҳатдан номақбул хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, ёш авлоднинг тарбияси учун ота-оналар ва тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Муҳокама вақтида таъкидландики, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш вазифаларининг бажарилишига кўмаклашади.

Барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари киритган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди. Ушбу Қонун маъқуллаш учун парламентнинг юқори палатасига юборилади.

Мажлисга иккинчи ўқишда киритилган «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси Х.Маматов маъруза қилди.

Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси вақтида депутатлар таъкидладиларки, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш ҳамда унга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга ва қонун олдига қўйилган мақсадларга эришишга кўмаклашади. Кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатнинг қабул қилиниши ушбу Қонунни қўллайдиган органларга ўз ваколатларини аниқ амалга оширишларида кўмаклашади.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлар киритган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

«Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасида ҳамкорлик ва муносабатлар асослари тўғрисидаги Битимни (Масқат, 2009 йил 5 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Одилхўжаева тақдим этди. Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўмон Султонлигига давлат визити билан борган вақтида имзоланган. Ҳужжатда иккала мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо, маданият соҳаларидаги, шунингдек фан, техника, спорт ва туризм борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилади.

Ҳужжатни кўриб чиқиш чоғида депутатлар таъкидладиларки, мазкур Битимни ратификация қилиш Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ошишига, мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Қонунчилик палатаси баён этилган фикрларни ҳисобга олиб, Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.


Кўришлар сони: 10824

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...