Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга  қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидландики, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар ўтказиш йўлидан борди.

Муҳокама чоғида шу нарча алоҳида таъкидландики, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан мурасасозлик муҳитини яратишга қаратилгандир.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари қонун лойиҳасини маъқуллаб, шуни алоҳида таъкидладиларки, қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашда қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратади, хусусий мулк ҳуқуқини ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувдан ҳимоялашга, охир оқибатда, ишбилармонлик муҳитининг ва мамлакатимиз инвестиция жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади.

“Миллий тикланиш” Демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг долзарблиги ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Мазкур ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари, ваколатли органлар тизими мустаҳкамлаб қўйилган, коррупцияга қарши курашишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, фуқаролик жамияти институтларининг, оммавий ахборот воситаларининг иштироки назарда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида яна бир амалий қадам бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, шуни таъкидладиларки, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш ҳамда унинг таркибига тадбиркорлар жамоат бирлашмаларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш коррупцияга қарши курашиш субъектларининг фаолияти мувофиқлаштирилишини, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайтирилишини таъминлашга қаратилгандир.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, бошқарув фаолияти соҳасидаги коррупция ҳолатлари фуқароларнинг ҳуқуқлари амалга оширилишига тўсқинлик қилишга сабаб бўлувчи омиллардан бири эканлигига эътиборни қаратдилар. Шу туфайли ҳам Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг киритилиши давлат томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг аниқлигидан далолат эканлигини тасдиқлайди. Мазкур қонуннинг амалга оширилиши халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини бундан буён ҳам таъминлашга хизмат қилади ва мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини оширади.

Парламент қуйи палатаси депутатлари ўз ишларини “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиш билан давом эттирдилар.

Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда озод қилиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, интизомий жазо чоралари ҳамда маъмурий қамоқни амалга оширишга тааллуқли бошқа қоидаларни назарда тутади.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқ жазосини ўташнинг ягона амалиётини таъминлашга, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда ушбу тизим ходимларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Мунозаралар якунларига кўра, депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда мазкур ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.


Кўришлар сони: 8037

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...