Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган янги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

Депутатлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган янги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар томонидан “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Даставвал Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя соҳаси тизимидаги асосий тушунчаларни белгилашга қаратилган. 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиб келинмоқда. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ижтимоий хизматлар кўрсатилишини ташкил этишга тизимли ёндашув талаб этилишини кўрсатди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилади. 

– Социал-иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашаётган ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт модернизациялашаётган шароитларда кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг имкон қадар манзилли бўлишини қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади, – дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Нодир Мухторов. – Қонун лойиҳаси долзарб ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, аҳолининг ҳожатманд тоифалари манфаатларини қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаш, уларга кўрсатиладиган моддий ва маънавий кўмакнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг йўналишларини аниқ белгилаб олиш имконини берувчи яхлит ҳужжат ҳисобланади. Шундай қилиб, қонун лойиҳаси аҳоли муайян қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, уларни аниқлаш мезонлари, кўрсатилиши мумкин бўлган ижтимоий хизматлар аниқ белгиланади. Бу давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини ва, зарур бўлганда, аҳоли тегишли гуруҳларининг жорий эҳтиёжларига қараб маблағлар қайта тақсимланишини таъминлайди. 

Депутатларнинг фикрига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, ижтимоий хизматлар кўрсатиш мониторингини олиб бориш ва баҳолаш механизмларининг белгилаб олиниши ижтимоий ҳимоя тизимининг жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишига имкон беради, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини оширади. Қонун лойиҳасида назарда тутилган идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик мамлакатимизда ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг тўлиқ рўйхатини тузиш учун асос яратади. 

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида бир қатор хорижий мамлакатларнинг аҳоли ҳожатманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибасига эътибор қаратилди. 

Қонун лойиҳасининг асосий қоидалари ҳар томонлама муҳокамадан сўнг маъқулланди ва депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини кейинги ўқишга тайёрлаш топширилди. 


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати



Кўришлар сони: 3675

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.07.2017
Партия “уйғонди”: Сарвар Отамурадов уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Наманганга келди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари Президент Шавкат Мир...

23.07.2017
Сессияда депутатлар фаолиятида танқидий ёндашув

Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашининг намунали сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси...

13.07.2017
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор учрашуви ҳақида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари,...