Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

Шу йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартибини тасдиқладилар.

Сиёсий партияларнинг 2009 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари билан мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси М.Тешабоев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Л.Ғуломов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Турсунов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитасининг раиси И.Саифназаров сўзга чиқдилар.

Маърузачилар таъкидладиларки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловлари бўйича муҳим ижтимоий-сиёсий кампанияда фаол иштирок этишлари муносабати билан ўтган йил сиёсий партиялар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. 2009 йил декабрь ва 2010 йил январь ойларида бўлиб ўтган кўп партиявийлик асосидаги эркин, демократик сайловлар натижасида янги чақириқ Олий Мажлиснинг профессионал Қонунчилик палатаси шакллантирилиб, унга мамлакатимиз барча сиёсий кучларининг вакиллари кирдилар. Депутатлар сони 120 нафардан 150 нафарга ошганлиги, парламент ишида Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларининг иштирок этиши янги таркибдаги қуйи палатанинг асосий хусусияти бўлиб, бу депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги салоҳиятини, мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни ўз вақтида ҳуқуқий таъминлашга қаратилган, сифат жиҳатидан пухта қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш имкониятини анча оширади.

Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган батафсил муҳокама жараёнида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар таъкидладиларки, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини демократлаштириш, эркинлаштириш ва модернизация қилиш, миллий қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ сиёсий партиялар фаолиятини ўз вақтида ва тўла молиялаштириш масалаларига давлатимиз, шахсан Президентимиз Ислом Каримовнинг катта эътибори ва ғамхўрлиги туфайли барча даражалардаги ҳокимият вакиллик органлари сайловларига пухта тайёргарлик кўриш ва уларни муваффақиятли ўтказиш, мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш ва Ўзбекистон Республикасининг икки палатали профессионал парламентини собитқадамлик билан мустаҳкамлаш мумкин бўлди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтдиларки, сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда иштирок этишини молиялаштириш учун улар Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзодлар рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмдаги давлат маблағлари партияларнинг ҳисоб-китоб варағига ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказилди. Маблағлар сиёсий партиялар томонидан сайловолди кўргазмали ташвиқот воситаларини нашр қилишга, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишларини, сайловчилар билан учрашувларини, ишончли вакиллар ва бевосита сайлов округларида сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга, сайлов кампаниясини ўтказишга доир турли умумпартиявий тадбирларга сарфланди.

Мамлакатимизда қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги сиёсий партияларни молиялаштиришнинг асосий принципларидир. Партиялар ўзининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларнинг ўз аъзолари ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди, фаолиятини молиялаштириш ҳажми ва манбалари ҳақида оммавий ахборот воситаларида ўз вақтида ахборот эълон қилиб туриши шарт.

Мажлисда таъкидландики, Ўзбекистоннинг барча сиёсий партиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда молиявий ҳамда бухгалтерия ҳисоботларини тақдим этдилар. Улар молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисидаги молиявий ҳужжатларни топширдилар. Бунда сиёсий партия томонидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиш учун сарфланган маблағлар алоҳида ҳисобга олинади. Сиёсий партиялар ҳисоботлари юзасидан уларнинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш учун ҳисобот йилида партия ҳисоб-китоб варағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосалари берилди.

Депутатлар ҳисобот ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида сиёсий партияларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли кучайтирилиши, давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жорий йил январь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисида қўйилган вазифалар амалга оширилиши муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлашда парламент назоратининг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб ўтдилар.

Сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий ва кадрлар билан боғлиқ ҳамда бошқа ресурслари ўз дастурий мақсад ва вазифаларини амалда рўёбга чиқаришда катта аҳамиятга молик эканлиги сабабли улар очиқ-ойдин ва қонуний бўлиши, ҳар доим жамоатчилик назорати остида туриши ғоят муҳимдир. Таъкидландики, кўп партиявийлик тизимининг ривожланиши, парламентда ва жамиятимизда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат кучайиши шароитида бу масала депутатларнинг доимий эътиборини талаб қилади. Депутатлар партияларнинг молиявий маблағларидан самарали фойдаланиш, сайловчилар билан ишлашнинг замонавий усуллари молиялаштирилиши устидан ички партия назоратини кучайтириш ва амалиётда умум эътироф этилган партиявий технологиялардан янада кенгроқ фойдаланиш кераклиги ҳақида фикр билдирдилар. Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган даврда сиёсий партияларга ажратилган бюджет маблағлари имкон қадар оқилона ва тежамкорлик билан ишлатилиши керак.

Сиёсий партияларнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида ўтказилди.

Муҳокама пайтида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг 2009 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилди.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгариш киритилди, Шаҳрисабз шаҳрининг чегараларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 11845

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...