Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартибини тасдиқладилар.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Н.Исмоилов маъруза қилди. Маърузачи «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги амалдаги Қонун 2000 йилда қабул қилинганлигини таъкидлади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган янги қоидалар киритилмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни экспертизадан ўтказиш масалаларига катта эътибор қаратилган бўлиб, бу қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини анча яхшилаш имконини беради. Қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, ижтимоий, илмий ва бошқа турдаги экспертизалар ўтказиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш чоғида қонун ҳужжатларининг аҳволини, уни қўллаш амалиётини, жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани ўрганиш зарурлиги тўғрисидаги талаб белгилаб қўйилмоқда. Айрим моддалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг замонда, маконда ва шахслар доираси бўйича амал қилишига бағишланган. Қонун лойиҳасида, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топилиши, ўзгартиш ёки қўшимча киритилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари анча кўп бўлган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўрсатилган рўйхати, ўзгартиш ва қўшимчалар мустақил ҳужжат билан расмийлаштирилиб, у норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан бир вақтда унинг ишлаб чиқувчиларига тақдим этилиши ҳақидаги қоидани ўз ичига олган алоҳида норма бор. Қонун лойиҳасининг махсус боби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этиш ва таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳасининг барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари иштирок этган муҳокамаси жараёнида мамлакатни модернизация қилишни қонунчилик йўли билан таъминлаш борасида парламент олдида турган вазифалар асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш муҳимлиги таъкидланди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда қўлланилиши устидан мониторингни такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Қонунчилик палатаси депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳужжатнинг асосий қоидаларини маъқуллаб ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни масъул қўмитага топширди.

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси А.Юнусова «Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳаси вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тизими органлари ва муассасаларини, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишларини, вояга етмаганлар ва уларнинг оилалари билан якка тартибдаги профилактика ишининг асослари ва уларни ташкил этиш тартибини, ижтимоий-хавфли ҳолатда бўлган вояга етмаганлар ҳуқуқий мақомини, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик реабилитация қилиниши тартибини белгилайди.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида депутатлар вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, болаларни ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ёш авлод учун ота-оналар ва васийлик органларининг жавобгарлигини ошириш масалаларининг аниқ тартибга солиниши муҳим эканлигини кўрсатиб ўтдилар. Муҳокамада таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг долзарблиги мамлакатимизда Баркамол авлод йили деб эълон қилинган йилда айниқса муҳимдир.

Барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари билдирган фикрларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси О.Охунова тақдим этди. Қонун лойиҳаси вояга етмаганларнинг ғайрисоциал ҳатти-ҳаракатининг олдини олиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, ёш авлод тарбияси учун ота-оналар ва тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Унда вояга етмаганларни тунги вақтда ота-оналаридан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз ресторанларга, кафеларга, барларга, клубларга, дискотекаларга, кинотеатрларга, компьютер залларига, Интернет тармоғига уланиш хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган биноларга, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган бошқа биноларга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш пайтида депутатлар ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга таклиф этилаётган ҳуқуқий нормаларнинг амал қилиш соҳасини аниқлаштириш ва қонунни амалда қўллашнинг аниқ механизмини ишлаб чиқишга доир таклифлар билдирилди. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси А.Тўхташевнинг маърузаси бўйича Қонунчилик палатаси «Пиротехника воситалари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Қонун лойиҳаси пиротехника воситалари муомаласини лицензиялаш жорий этилишини, уларнинг қонунга хилоф муомаласи учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутади. Пиротехника воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш лицензияланиши керак.

Муҳокама пайтида депутатлар пиротехника воситалари муомаласи устидан самарали давлат назоратининг, фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишининг, жамоатчилик хавфсизлиги таъминланишининг муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар. Ҳужжатни умуман такомиллаштиришга қаратилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Б.Иминов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Мазкур ҳужжат хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартишлар ички ишлар органларининг вафоти хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлган ходимларининг ота-оналари ва янги никоҳга кирмаган беваларига энг кам иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида пенсияларига қўшимча олиш ҳуқуқини беради. Улар шунингдек олган даромадлари ва ўз мулкларидаги мол-мулк учун солиқ солишдан қисман озод қилинадилар.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида депутатлар таъкидладиларки, давлатимиз мустақил ривожланишининг дастлабки кунлариданоқ аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга катта эътибор қаратмоқда. Бу жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига қарамай, мустақил Ўзбекистоннинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётган энг муҳим устуворликларидан биридир.

Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини тасдиқлади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Депутатлар Мудофаа ва хавфсизик масалалари қўмитаси аъзоси Х.Маматов томонидан тақдим этилган «Аҳолини ва худудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Ҳужжат аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги атамалар ва тушунчалар бир хилда талқин қилиниши зарурлиги муносабати биолан ишлаб чиқилган. Жумладан, амалдаги Қонун матнида «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ аниқлаштирилиши зарур бўлган, умумий нутқ муомаласидан чиқиб кетган айрим таърифлар мавжуд.

Депутатлар томонидан муҳокама пайтида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни масъул қўмитага топшириб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Кўришлар сони: 8695

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...