Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилди

19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди. Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуратов қўшимча маъруза билан сўзга чиқди.

Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир қатор қўмиталарининг мажлисларида Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар вакилларининг иштирокида олдиндан муҳокама этилди. Муҳокамалар чоғида мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатини ижро этиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган талай амалий таклифлар билдирилди. 

Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети 2014 йилнинг тўққиз ойида аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилганлиги таъкидланди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил январь ойида ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларини аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда амалга ошириш ҳисобот даврида иқтисодиётнинг изчил равишда ўсишига ва макроиқтисодий барқарорликка хизмат қилди. Бу даврда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши 8,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларининг ўсиши 6,8 фоизни, чакана товар айланмасининг ўсиш суръатлари 14,2 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобот даврида профицит билан бажарилди. 

Машинасозлик ва металлга ишлов бериш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, тиббий, озиқ-овқат саноати, қора металлургия саноати изчил ривожланди, уларнинг саноат ишлаб чиқариши умумий тизимидаги улуши ўтган йилнинг шу даврдагига нисбатан кўпайди. Банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар банкларнинг жами капитали ўсишини, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли депозитларининг, активлар ва кредит қўйилмаларининг кўпайишини таъминлади. 

Жорий йил бошидан буён амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 777,8 мингта янги иш ўрни, шу жумладан, қишлоқ жойларда 465 мингта иш ўрни ташкил этилди. “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилиб, уни молиялаштиришга барча манбалардан 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият ва спорт соҳалари ўз вақтида молиялаштириб турилди, аҳолининг кам таъминланган қатламлари қўллаб-қувватланди. Салмоқли даражадаги бюджет маблағлари ажратилиши иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини янада ошириш орқали аҳоли фаровонлигини изчил яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятини яратди. 

Савол-жавоблардан кейин ушбу масала батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. 

Полянте Свешников, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси: 

– ЎзЛиДеП депутатлари Давлат бюджетининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқаётиб, мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатининг рўёбга чиқарилишини охирги беш йилнинг айнан шу даврлари билан таққослаган ҳолда таҳлил қилдилар. Биз Ўзбекистон Республикасида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши доимо таъминланмоқда, иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқлари янада мутаносиб ривожланиши учун мустаҳкам замин яратилган деган хулосага келдик. Бунда мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати ҳар доим профицит билан ҳамда Олий Мажлиснинг иккала палатаси томонидан тасдиқланган мезонларга мувофиқ ижро этилмоқда. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида микрофирма ва кичик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми кейинги беш йил мобайнида ошганлигини, бу эса, ўз навбатида, ягона солиқ тўлови тушумларининг кўпайишига олиб келганлигини таъкидлаш қувонарлидир. Солиқ юкининг мунтазам равишда пасайтирилиши, хусусий тадбиркорлик субъектларига берилган банк кредитлари ҳажмининг оширилиши кичик бизнеснинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бу мамлакатимизда аграр сектор, фермерлик ҳаракати ривожланиши учун ҳам рағбатлантирувчи омил бўлди. 

Искандар Азизов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси: 
– Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларининг ҳар йиллик ўсиши давлатимизнинг аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтириш масалаларига бераётган эътиборининг ошаётганлигидан дарак беришини алоҳида таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Мисол учун, агар 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага 5537,6 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2014 йилнинг 9 ойида ушбу кўрсаткич 13313,6 миллиард сўмни, яъни 2,5 баравар кўпроқни ташкил этди. Шу билан бирга ҳисобот даврида пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларнинг ўртача миқдори жорий йилнинг январь ойига нисбатан 12 фоизга ошди, бу эса Ўзбекистон ХДП электоратининг манфаатларига мос келади. 

Ўзбекистон ХДП фракциясининг фаолиятида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ўз мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар устувор масала сифатида белгиланган. Шу муносабат билан 2014 йилнинг 9 ойи мобайнида касб-ҳунар коллежларини ўқув-амалий машғулотлар ўтказиш учун сарфланадиган материаллар ва зарур хомашё билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 8 миллиард сўм ажратилганлигини қайд этиб ўтишни истардим.

Жамила Ниёзова, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Беш йил давомида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама этишда фаол иштирок этди. Шунингдек, ушбу даврда бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди. Бутун бюджет жараёнини ўз ичига олувчи Бюджет кодексининг қабул қилиниши давлат молиясини бошқаришнинг халқаро стандартларига мос келадиган ягона қонунчилик базасини яратиш имконини берди, бу эса, маҳаллий бюджетларнинг даромадлари манбаларини мустаҳкамлаган ҳолда барча даражадаги бюджет тизими даромадлари ҳамда харажатларининг ва, умуман олганда, бюджетлараро муносабатларнинг тартибга солинишини таъминлади. 

Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижросини муҳокама этаётиб, маданият, спорт ва оммавий ахборот воситаларига йўналтирилган харажатлар 2013 йилнинг айнан шу даврига нисбатан 19,8 фоизга ошганлигини қайд этиш муҳимдир. Ушбу харажатлар асосан спортни ривожлантириш, ахборот-кутубхона марказлари ва ихтисослаштирилган кутубхоналарни молиялаштириш, музейлар, кўргазмалар ва кўргазма заллари, маданият уйлари ва саройлари, театр ҳамда мусиқа труппалари, телерадио кўрсатув ва эшиттиришларни таъминлаш, кино маҳсулотларини яратиш ҳамда бошқа тадбирларга йўналтирилди. Бизнингча, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам маданият масканларини, “Баркамол авлод” болалар марказларини, мусиқа ва санъат мактабларини молиялаштириш учун бюджет харажатларини ошириш жуда муҳимдир. 

Камола Ҳамидова, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси: 

– Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг суръатлари ва хусусиятига, замонавий ҳаёт воқеликларига тўлиқ мувофиқ келади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси илм-фанни ривожлантиришга йилдан-йилга кўпроқ эътибор бераётганлиги бизни қувонтиради. Бу мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни вужудга келтириш юзасидан аниқ мақсадли ишлар олиб борилаётганидан дарак беради. Хусусан, ҳисобот даврида илм-фан учун 113,9 миллиард сўм ажратилди, бу эса 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 11,7 фоизга кўпроқдир. Шу жумладан, 69,2 миллиард сўм тармоқлар бўйича давлат илмий-техник дастурларининг устувор йўналишларини молиялаштириш учун йўналтирилди. Шунингдек, инновацион ишланмалар дастурларини молиялаштириш, фанга хизмат қилувчи муассасалар ва ноёб объектларни сақлаш, унинг ривожланиши билан боғлиқ бошқа харажатлар учун ҳам катта маблағлар ажратилди. Бу ҳар доим илм-фанга эътиборни кучайтириш, фан ютуқларини ишлаб чиқаришга ва кундалик ҳаётга фаол татбиқ этиш тарафдори бўлиб келган партиямизнинг дастурий мақсадларига тўлиқ мувофиқ келади. 

Сиддиқ Абдубоқиев, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоси: 

– Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сарфланаётган харажатлар йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2010 йилда ушбу тадбирлар учун ажратилган бюджет маблағларининг миқдори 48,9 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2013 йил якунларига кўра, бу 122,8 миллиард сўмни, 2014 йилнинг тўққиз ойида эса деярли 320 миллиард сўмни ташкил этди. Бунда атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларини яхшилаш, оқова сувлар учун тозалаш иншоотларини қуриш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг салмоғи ортиб бормоқда. Шунингдек, давлатимиз Орол бўйидаги экологик тадбирларга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, биологик хилма-хилликни сақлашга, чиқиндиларни тўплаш ва уларни утилизация қилишга ҳам катта эътибор бермоқда. 

Депутатлар ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар. 

Мажлис чоғида депутатлар, шунингдек, мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Жумладан, парламент аъзолари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар. Қонун лойиҳаси мамлакатимизда жамоавий инвестициялаш тизимини ташкил этишни рағбатлантиришга, вақтинчалик бўш турган пул маблағларини сафарбар этишга ҳамда уларни миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтиришга қаратилгандир. 

Мажлиснинг кун тартибига “Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам киритилди. Ушбу қонун лойиҳаси “Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси болаларни жисмоний, руҳий, ижтимоий, ахлоқий ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қиладиган қонунчилик кафолатлари ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқ белгилаб қўйишга қаратилгандир. 

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Ҳар томонлама кўриб чиқишдан сўнг депутатлар ушбу қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатасининг 
Ахборот хизмати 

Кўришлар сони: 15256

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...