Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилдилар

22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов ҳамда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси Б.Иминов маъруза қилдилар. 

Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати – 2015 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишлари асосида ишлаб чиқилган. 

Тақдим этилган лойиҳалар иқтисодиётнинг изчил ўсишига, иқтисодий барқарорлик ҳамда экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини сақлаб қолишга, ташқи савдо тўлов балансининг ижобий сальдосини таъминлашга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгандир. 2015 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, уни техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга оширишни давом эттириш назарда тутилган. 

Келгуси йилги ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизга, саноат ишлаб чиқариш маҳсулотининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 6 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. 

Мажлисда таъкидландики, 2014 йил 1 январдан эътиборан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси 2015 йилги Бюджетномани шакллантириш учун асосий ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилди, унинг нормалари ва қоидалари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради. 

2015 йилда солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантириш, бюджет тизимининг мувозаналаштирилишини таъминлаш, бюджет йўналишидаги давлат дастурларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали бюджет маблағларини сарфлаш самарадорлигини ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантиришга, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бир вақтнинг ўзида аҳоли даромадлари, жамғармалари ва харид қувватини ўстиришга қаратилган йўлни давом эттириш ҳамда бошқа чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. 

2015 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қатор қўмиталарининг йиғилишларида Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирокида олдиндан муҳокама қилинди. Йиғилишлар чоғида асосий молиявий ҳужжатнинг сўзсиз ижро этилиши юзасидан амалий таклифлар билдирилди. 

Савол-жавоблардан сўнг мамлакатимизнинг 2015 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданиятни ва жамиятимиз ҳаётининг бошқа жабҳаларини ривожлантириш дастурлари ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши муҳимлигини таъкидладилар. 

Чунончи, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар таъкидладиларки, мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан янада ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, энг муҳим макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мувозанатлаштирилганлигини сақлаб қолиш, 2014 йилги иқтисодий дастур йўналишлари ва устуворликлари ҳисобига иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлайдиган стратегияни давом эттириш юзасидан Ўзбекистонда кенг кўламдаги зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси жорий йил учун белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга муваффақиятли эришишга, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ижро этишга хизмат қилади. 

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада рағбатлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Чунончи, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши солиқ юкини 481,8 миллиард сўм миқдорида камайтиради ҳамда айланма маблағларни тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга ошириш, шунингдек, ходимларни рағбатлантириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади. Бу хўжалик субъектларининг фойда солиғи базавий ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга, шунингдек, қурилиш соҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилаётганига ҳам тааллуқлидир. Бу эса 141 миллиард сўм маблағни корхоналар тасарруфида қолдириш имконини беради, ушбу маблағлар ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун йўналтирилади. 

Ўзбекистон ХДП фракциясининг аъзолари ижтимоий соҳага ажратилган Давлат бюджети маблағларининг улуши оширилишига алоҳида эътибор қаратдилар. 

Таъкидландики, 2015 йилги Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари ЯИМга нисбатан 12,8 фоизни, таълимга ажратилган харажатлар 7,3 фоизни, соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар 3,1 фоизни, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 1,3 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетининг ижтимоий таъминотга ажратилган харажатлари жорий йилга нисбатан 1,2 баравардан зиёд ошади, бу эса аҳоли фаровонлигини изчил тарзда яхшилаш имкониятини яратади. 

Шу билан бирга, Давлат бюджетининг даромадлари тушуми, улардан самарали фойдаланиш, айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган бюджет маблағлари устидан парламент назоратини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг депутатлари 2015 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларида жаҳон иқтисодиётида мураккаб жараёнлар ва салбий тенденциялар давом этаётган шароитда мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсишининг муҳим омили сифатида ички талабни рағбатлантиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилаётганлигини таъкидладилар. 

Фракция аъзолари 2015 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини таъминлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ажратилган харажатлар ҳажмини жорий йилга нисбатан 1,24 баравар ошириш назарда тутилганлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, 2015 йилги Давлат бюджети маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланган мамлакатимиз шаҳарларининг меъморий-режавий қиёфасини яхшилашга доир давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда. Бу мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси учун қулай шарт-шароит яратилишига кўмаклашади. 

Фракция депутатлари жаҳон бозоридаги ноқулай коньюнктура шароитларида мамлакатимизнинг экспорт қилувчи корхоналарини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг муҳимлигини ҳам қайд этдилар. Туризм ва хизматлар соҳаларини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирларнинг қабул қилиниши маҳаллий бюджетлар даромадларининг оширилишига ва минтақалар иқтисодий салоҳиятининг мустаҳкамланишига кўмаклашиши таъкидланди. 

“Адолат” СДП фракциясининг аъзолари мамлакатимизнинг илмий-техник салоҳиятини тўлиқ ишга солиш имконини берувчи инновацион иқтисодиётнинг яратилишини муҳим вазифа деб ҳисоблайдилар. Шу билан бирга, фракция иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш тадбирларига катта эътибор бермоқда. 

Фракциянинг фикрича, мамлакатимиз иқтисодиёти фан ва техниканинг энг илғор ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқаришга ва халқ таълими тизимига таяниши лозим. Бу борада 2015 йилги Давлат бюджети лойиҳасида фан соҳасига ажратилган харажатлар жорий йилга нисбатан 1,26 баравар оширилган, бу эса ўз навбатида давлат илмий-техник дастурлари доирасида фанни ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари ҳамда тадбирларини давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга. 

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг аъзолари аҳолини ичимлик суви, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни, шунингдек, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар. Муҳокама чоғида Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи жалб этилаётган инвестицияларнинг, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ажратилаётган Давлат бюджети маблағларининг ҳажмини ошириш, шунингдек, улардан мақсадли, самарали фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар билдирди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 
Ахборот хизмати 

Кўришлар сони: 12642

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...