Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Аввал хабар берилганидек, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилганидан кейин депутатлар мамлакатимизда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Банкротлик тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан ўз ишларини бошладилар. Қонун лойиҳаси кредиторлар томонидан киритилган маблағларни қайтариш кафолатларини, корхона банкрот бўлганда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар бўйича талабларни кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талабларига мутаносиб равишда қондириш орқали уларнинг талабларини қондириш навбати тартибига ўзгартишлар киритиш асосида кучайтиришни назарда тутади.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кучайтириш учун янада қулай шарт-шароит яратиш ҳисобига мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Шундан сўнг депутатлар “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларининг атамалари ва ҳуқуқий нормаларини бир хилда қўллаш ҳамда улар турлича талқин қилинишининг, мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Тузатишларни “Метрология тўғрисида”ги ва “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларга киритиш назарда тутилган.

Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига, шунингдек, фуқароларнинг кундалик турмушига ахборот технологияларини сингдиришга катта эътибор берилмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларининг, шунингдек, улардан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматларнинг муваффақиятли жорий этилиши ижтимоий-иқтисодий соҳанинг барча тармоқларини, шу жумладан, бизнесни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг жаҳон иқтисодиёти тизимига уйғунлашуви мамлакатимиз бизнеси томонидан тегишли технологиялар нафақат ташқи, балки ички бозорларда ҳам қўлланилишига олиб келиши муқаррардир.

Қонун лойиҳаси электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда товарлар сотиш, ишлар бажариш ҳамда хизматлар кўрсатиш, шунингдек, электрон тижоратни амалга ошириш ва унинг иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий механизмларни белгилаб қўйиш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Электрон тижорат асосида ахборот тармоқлари ва оқимлари воситасида операцияларнинг шаффофлигини ошириш мумкин. Бу эса харидорлар ва сотувчиларга турли рақобатчилар томонидан таклиф этилаётган нархлар, маҳсулот сифати ва етказиб бериш шартлари тўғрисида бир лаҳзада ахборот олиш имконини беради.

Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиқдилар.

Фахриддин Солиев, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлиги, молиявий барқарорлиги ва инвестициявий фаоллигининг янада оширилиши, шу жумладан, мамлакатимиз товарларининг чет эл бозорларига чиқиши учун электрон тижорат инфратузилмасининг шакллантирилиши таъминланади.

Бизнингча, қонун лойиҳаси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг замонавий воқеликлари ва истиқболларига жавоб берган ҳолда мамлакатимиз компаниялари электрон шаклда бизнес билан шуғулланиши учун самарали муҳитни вужудга келтиришга, уларнинг маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар билан тўлароқ ҳамкорлик қилишига, маҳсулоти ва хизматларини жаҳон бозорига чиқаришга қаратилган.

Ҳафиза Каримова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳаси электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда нафақат товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароит яратишга, балки электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқларини таъминлашга ҳам қаратилгандир. Шу билан бирга қонун лойиҳаси халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори технологик бозор инфратузилмасини яратиш имконини беради. Ўз навбатида, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим омилига айланади, бу эса партиянинг дастурий вазифаларига тўлиқ мос келади.

Ҳозирги вазиятда қулай шарт-шароитлар яратиш ва электрон тижоратни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ташкилий, технологик ва қонунчилик масалаларини ҳал қилишга ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаси ушбу соҳанинг тегишли ваколатли орган томонидан тартибга солинишига доир норма билан тўлдирилмоқда, шунингдек, мазкур органнинг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Илҳом Абдуллаев, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси:

– Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси замонавий ахборот технологияларини миллий иқтисодиёт тизимига фаоллик билан жорий этилишини таъминлашга, мамлакатимизнинг товар ишлаб чиқарувчилари ва хизматлар кўрсатувчиларига қулай шарт-шароит яратиб беришга қаратилган.

Шу муносабат билан “Миллий тикланиш” демократик партияси электрон тижоратнинг ташкилий, технологик масалаларини ҳал этишга, ахборотнинг хавфсизлигига ва электрон тижорат иштирокчиларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга, атама ва тушунчаларни таърифлашга, электрон тижоратда давлат харидларини амалга оширишга ягона ёндашувнинг, шунингдек, хорижий қатнашчилар иштирокидаги битимларни тузишда қўлланиладиган зарурий ҳуқуқнинг таъминланиши тарафдоридир.

Раъно Гаимова, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳаси мамлакатимизда электрон тижоратни янада ривожлантириш ва рағбатлантиришни назарда тутади. Энг асосийси, ахборот тармоқлари воситасида электрон савдо операцияларининг шаффофлиги ошиб боради, бу эса сотувчилар ва харидорларга қисқа вақт ичида шартномалар тузиш имконини беради. Ҳужжат иқтисодиётнинг либераллашуви ва глобаллашуви шароитларида демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга ҳам қаратилган.

Шу билан бирга қонун лойиҳаси бозорнинг янги иштирокчилари пайдо бўлиши учун шарт-шароит яратиб беради. Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингач, кичик бизнес субъектлари халқаро бозорда самаралироқ рақобатлаша олади. Бизнингча, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кундалик фаолиятида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратилиши зарур.

Ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси партиялар дастурлари ва сайловчиларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда қизиқарли, баҳслашув ва эркин мунозара руҳида ўтди. Қонун лойиҳаларини янада такомиллаштиришга қаратилган энг мақбул таклифлар ҳужжатларни маромига етказиш чоғида ҳисобга олинади.

Муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар юқорида қайд этилган қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ҳамда ҳужжатларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмиталарга топшириб, уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Кўришлар сони: 9929

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...