Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар янги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар ўз ишини “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутувчи 117-моддасига киритилган тузатишларни амалда рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. 

Марказий сайлов комиссиясининг бошқа давлат ҳокимияти органларининг ҳеч бир аралашувисиз сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни таъминловчи мустақил демократик институт сифатидаги мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш сайловларнинг демократлиги ва очиқ-ойдинлигини таъминлашнинг муҳим кафолати ва шартидир. 

Қонун лойиҳасида Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлаш ва ваколатларини янада кенгайтириш назарда тутилган. Жумладан, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби асосий принципларининг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда. Мустақиллик принципи Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил тарзда олиб боришни кўзда тутади. Унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ошкоралик принципи Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг очиқ тарзда, шу жумладан, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирокида ўтказилишини ўзида ифода этади. 

Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси юзасидан ўзларининг асосли фикрларини баён этдилар. 

Маъруф Усмонов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси: 

– Ҳозирги вақтда партиямиз жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига кенг кўламли тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Шу муносабат билан биз фуқароларнинг сайлов эркинлигини таъминлашга қаратилган сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор бермоқдамиз. Айнан шу сабабли биз, жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари ташаббуси билан киритилган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини катта қизиқиш билан кўриб чиқдик. 

Ишончимиз комилки, Марказий сайлов комиссиясининг давлат ҳокимияти бошқа органларининг аралашувисиз сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни таъминловчи мустақил демократик институт сифатидаги мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш халқаро нормаларда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда мамлакатимизнинг бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир. 

Фракция йиғилишида ушбу масалани дастлабки тарзда муҳокама этиш чоғида биз ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилинишини ёқлаб ўз фикримизни аниқ билдирдик. Мамлакатимизда ижтимоий муносабатларда, шу жумладан, сайлов жараёнида қонунийлик, ошкоралик ва адолатни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб такомиллаштириб борилаётганлиги биз учун принципиал жиҳатдан муҳимдир. Хусусан, қонун лойиҳасида Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини очиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги норма мустаҳкамланган бўлиб, сиёсий партияларнинг вакиллари мажлисларда тўсқинликсиз иштирок этадилар. Шу муносабат билан таклиф этилган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизимини энг қатъий халқаро стандартларга жавоб берадиган янада замонавий тизимга айлантириш имкониятини беради. 

Дилбар Холиқова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси: 

– Бизнинг назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга таклиф этилган тузатишлар сайлов жараёнининг демократиклиги ва очиқлигини таъминловчи самарали механизм бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ХДП фракцияси таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нормаларида Марказий сайлов комиссияси фаолияти асосий принципларининг мазмун-моҳияти очиб берилиши, Марказий сайлов комиссияси ва унинг раисининг сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун маблағларни тақсимлаш, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат ваколатларининг, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг молиявий мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг кенгайтирилиши умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ сайлов жараёнида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш кафолатларини таъминлайди. 

Қодир Жўраев, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси: 
– Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш ва модернизация қилиш натижасида юртимизда энг юқори демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминловчи самарали, умумэътироф этилган халқаро нормалар ва принципларга мос келадиган норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Демократик сайлов ва референдум ўтказиш бўйича ўз миллий тажрибамизни ҳисобга олган ҳолда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича изчил, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тадрижий ривожланишининг мантиқий давоми саналади. Қонун лойиҳаси, авваламбор, Марказий сайлов комиссияси ташкил этилиши ва фаолиятининг демократик асосларини кучайтиришга, унинг фаолияти асосий принципларини тушунтиришга, унинг мустақиллигини, шу жумладан, молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга, шунингдек, сайловларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини жорий этишга қаратилган. 

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқроқ амалга оширишга, мамлакатимизнинг сайлов тизимини янада демократлаштиришга, сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлиги принципларини мустаҳкамлашга, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. 

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дўрмон” миллий боғини барпо этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ноёб, қимматли ўсимликлар турларини сақлаш, қайта тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур боғ ушбу қарор билан муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тоифасига киритилган. 

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий боғларнинг ҳуқуқий мақоми, режими, уларни бошқариш, муҳофаза қилиш тартибини қонунчилик даражасида белгилашга, миллий боғларнинг муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар сифатида молиялаштирилишига хизмат қилади, уларнинг ерлари дахлсизлигини, шунингдек, ҳудудидаги ўсимлик дунёси сақланиши ва қайта тикланишини таъминлайди. 

Муҳокама чоғида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юқорида тилга олинган қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати 

Кўришлар сони: 8607

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...