Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш мақсадида

Аввал хабар берилганидек, 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бир кун олдин сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди, уларда кун тартибига киритилган масалалар аввалдан кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама этиш якунларига кўра уларни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тайёрланган “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишдан бошладилар. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг молиявий маблағлардан фойдаланишини яхшилаш орқали уларни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Киритилаётган тузатиш кредит олишга доир аризаларнинг банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши муддатини ўн иш кунидан уч иш кунига қадар қисқартиришни назарда тутади.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу кредитор қарздорликни, шу жумладан, бюджетга тўланадиган тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ҳужжат хўжалик юритувчи субъектларни қасддан банкротликка етказиш фактларини аниқлашга доир олдини олиш чора-тадбирларини кўриш ва механизмларни яратишга қаратилган. Тегишли ўзгартишлар “Банкротлик тўғрисида”ги қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига киритилмоқда.

Парламент қуйи палатаси вакилларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мустақиллиги учун жавобгарлигини кучайтириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш имконини беради.

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бир қатор семинарлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар ўтказди. Уларнинг натижалари бўйича айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган 18 та ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Ишчи гуруҳ ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама этиш чоғида сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари, шунингдек, экспертлар ва мутахассислар томонидан киритилган энг қимматли таклифларни инобатга олди. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ қонун лойиҳаси устида ишлаш чоғида депутатларнинг ўз сайлов округларига сафарлари вақтида сайловчилардан келиб тушган фикр ва таклифларни ҳам ҳисобга олди. Шунингдек, бир қанча давлатларнинг ушбу соҳадаги халқаро тажрибасини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи томонидан киритилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатларидаги норма ва қоидаларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, уни қабул қилинган қонунга мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги муносабатларни бир хил ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ҳуқуқий қоидаларни муҳокама этишга доир бир қатор тадбирлар ўтказди. Уларда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, ушбу соҳа олимлари ҳамда экспертлар иштирок этдилар. Шунингдек, ушбу ҳужжат сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишларида ҳам муҳокама этилди. Депутатлар ушбу йиғилишларда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор аниқ таклифларни ишлаб чиқдилар ҳамда ишчи гуруҳга киритдилар. Улар ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлашда ҳисобга олинди.

Ушбу қонун лойиҳалари ҳар томонлама моддама-модда муҳокама этилганидан кейин Қонунчилик палатаси келиб тушган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда уларни маромига етказиш учун юборишга қарор қилди.

Шунингдек, депутатлар мажлис чоғида бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Жумладан, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан киритилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Қонун лойиҳасининг асосий ғояси ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини кафолатлашдан иборат. Бугунги кунда йўловчиларни уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказиладиган зарардан суғурталаш билан ҳимоя қилиш “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан таъминланмоқда. Ушбу қонуннинг таҳлили унинг алоҳида нормалари ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслигини кўрсатди. Чет эл тажрибаси йўловчиларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш учун йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилиш ўрнига ташувчининг йўловчи олдидаги жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмидан фойдаланилаётганини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аҳолининг манфаатларига ва ушбу соҳада умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, қонун лойиҳаси, агар у қабул қилинса, фуқароларнинг Конституция билан кафолатланадиган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Депутатлар ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, ушбу қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, масъул қўмитага ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни топширдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 8503

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...