Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Хатамов «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳаси ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг умумий ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асосларини белгилайди, давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар ўртасидаги, шунингдек жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги мазкур соҳага тааллуқли муносабатларни тартибга солади.

Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган ҳужжатнинг моддама-модда муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг ва улардан кўриладиган зарарнинг олдини олишга доир иқтисодий, ташкилий-техник ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини ҳал этиш билан боғлиқ нормаларни кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Қонунни қабул қилдилар. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

«Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Абдуназаров маъруза қилди. Қонун лойиҳаси электр энергиясини ҳосил қилиш, узатиш, тақсимлаш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжатда электр энергетикаси соҳасидаги давлат сиёсати, бу соҳадаги фаолиятни лицензиялаш, миллий электр тармоғининг ҳуқуқий мақоми, электр энергияси бозорининг ташкил этилиши масалалари катта ўрин тутади.

Қонун лойиҳасини батафсил муҳокама қилиш жараёнида депутатлар томонидан таъкидландики, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши бозор муносабатларини чуқурлаштириш шароитларида электр энергетикаси соҳасидаги корхоналар ва ташкилотларнинг янада самарали ишлашини таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш учун қулайликлар яратиш, аҳолини иссиқлик ва электр нури билан таъминлашни яхшилаш имконини беради. Айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Қонунни қабул қилдилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Н.Исмоилов «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳаси электр ва иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик учун жиноий жавобгарликни, шунингдек водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказганлик, уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутади.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш пайтида депутатлар киритилаётган ўзгартишлар коммунал хизматлардан фойдаланиш соҳасида қонунга хилоф ҳаракатлар учун жазонинг муқаррарлиги принципини рўёбга чиқаришга, давлатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар. Қонунчилик палатаси депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун парламентнинг юқори палатасига юборилади.

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, шунингдек «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Умарова тақдим этди. Мазкур қонун лойиҳалари қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари, шунингдек дори воситаларининг қонунга хилоф нусхалари муомалада бўлишига қарши курашишни кучайтириш зарурлиги муносабати билан ишлаб чиқилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда қалбакилаштирилган препаратлар миқдори ошиб бормоқда, ҳам мамлакатимиз, ҳам чет эл фирмаларининг барчага яхши маълум бўлган ва кўп фойдаланиладиган препаратларининг деярли ҳаммаси қалбакилаштирилмоқда. Шу муносабат билан сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ёки тиббий буюмларни аҳолига сотиш мақсадида ишлаб чиқарганлик, олганлик, сақлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилди.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида депутатлар таъкидлашдики, «қалбакилаштирилган дори воситаси», «сифатсиз дори воситаси», «дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари» каби тушунчаларни аниқ белгилаб берувчи мезонларнинг, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотишга, ишлаб чиқаришга ва импорт қилишга нисбатан тақиқнинг йўқлиги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан муомала қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг асосий сабабларидан биридир. Мамлакатимизнинг тегишли қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш ички бозорни қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари кириб келишидан ҳимоя қилишнинг, энг асосийси эса, фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишнинг янада самарали ҳуқуқий базасини яратиш имконини беради. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритиш таклиф этилган тузатишлар дори воситалари билан ноқонуний муомала қилишга пухта тўсиқ қўйиш, бундай қилмишлар учун жиноий таъқиб амалиётини бирхиллаштириш имконини бериши ҳам депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Қонунчилик палатаси муҳокамага қўйилган ҳужжатларнинг айрим ҳуқуқий қоидаларини яхшилаш юзасидан билдирилган фикрларнинг барчасини эшитиб ва муҳокама қилиб, қонун лойиҳаларининг концепцияларини маъқуллади ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Ш.Тешаев «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 256-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ушбу Фармонга биноан Маҳсулот тақсимотига оид битим шартларига мувофиқ бажариладиган лойиҳалар бўйича табиий газ, нефть ва газ конденсати учун мунтазам тўловлар (роялти) ер ости бойликларидан фойдаланилганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва солиқ ставкалари бўйича амалга оширилади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида депутатлар томонидан айрим норматив ҳужжатларнинг маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг чет эллик инвестор-қатнашчиларидан ундириладиган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича ставкаларни белгилашга доир қисмига тааллуқли нормалар ўртасида тафовут борлиги, шунинг учун бундай номувофиқликка барҳам бериш зарурлиги таъкидланди. Ҳужжатни такомиллаштириш мақсадида киритилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги ва «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари Р.Собиржонов тақдим этди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси ва мулкчилик ҳуқуқи соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги сабабли юқорида айтиб ўтилган қонунлардаги кўпгина нормалар эскириб қолганлиги муносабати билан ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, мазкур қонунларнинг айрим қоидалари бошқа қонун ҳужжатларига зид келиб қолган, улардаги кўпгина тушунча ва атамалар эса, ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда қўлланилмайди.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси вақтида депутатлар турли соҳалардаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ тартибга солиш мақсадида мамлакатимизнинг амал қилиб турган қонун ҳужжатларини мунтазам равишда тизимлаштириб бориш ва уларга ўз вақтида тузатишлар киритиш муҳим эканлигини таъкидладилар. Муҳокама давомида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди.

Депутатлар Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси С.Турсунов тақдим этган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Ҳужжат «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ мазкур қонунларда ва мамлакатимизнинг бошқа қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган атамаларни бир хил қўллаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кўриб чиқиши учун қонунчилик ташаббуси тартибида бир гуруҳ депутатлар томонидан киритилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича тушган барча таклифларни муҳокама қилиб, депутатлар унинг асосий қоидаларини маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Кўришлар сони: 13018

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...