Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.


25–26 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йилги ва 2009 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов сўзга чиқди. Ушбу масала юзасидан Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси А.Аҳадов қўшимча маъруза қилди.-

Таъкидландики, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига қарамай, мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати ҳисобот даврида илгари Олий Мажлис томонидан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ижро этилди. Бюджет жараёнида асосий эътибор мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида белгилаб берилган энг муҳим устуворликларини амалга оширишга қаратилди. Мамлакатда қабул қилинган Инқирозга қарши дастурнинг ва унда назарда тутилган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши натижасида ялпи ички маҳсулот, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари, транспортда ташишлар, савдо ва хизматлар кўрсатиш ҳажмлари ўсди, янги иш ўринлари яратилди.

Иқтисодиётнинг базавий тармоқларида модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнларининг кучайтирилганлиги, сифатли ва рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий ва мослашувчан мини-технологияларнинг жорий этилганлиги, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархи кескин пасайтирилганлиги, шу жумладан технология жараёнларини оқилона ташкил этиш, ишлаб чиқаришда материал ва энергия сарфи ҳамда бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига пасайтирилганлиги, мослашувчан нарх сиёсати амалга оширилганлиги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этишда ҳал қилувчи омиллар бўлди.

Савол-жавоблардан кейин ҳисоботларнинг батафсил муҳокама этилиши жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг мураккаб шароитларида мамлакатимизнинг Давлат бюджетини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси талай ишларни амалга оширганлигини қайд этиб ўтдилар. Хусусан, ҳукумат аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва бошқа муҳим соҳаларни ўз вақтида молиялаштириш масалаларига катта эътибор қаратаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама пайтида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йилги ва 2009 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлади ҳамда тегишли қарорлар қабул қилди.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Абдуназаров «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ушбу қонун лойиҳаси электр энергетикаси борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, шу соҳадаги давлат назорати органларининг, мамлакат ягона энергетика тизимидаги электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ваколатларини, мазкур тармоқдаги бошқа долзарб масалаларни белгилаб беради.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш пайтида депутатлар электр энергияси ишлаб чиқариш, уни узатиш ва ўтказишда бозор механизмларини ривожлантириш шароитида мамлакатимиз электр энергетикасини янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш мақсадида депутатлар томонидан киритилган таклифлар ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини муҳокама қилишни Қонунчилик палатасининг кейинги мажлисларида давом эттиришга қарор қилинди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси С.Аҳмедованинг маърузаси бўйича депутатлар «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Таклиф этилаётган ўзгартишлар мамлакатимизнинг бир қатор қонун ҳужжатларидаги тегишли атамалар ва таърифларни бир хиллаштиришга ва бир тахлитда қўллашга қаратилгандир. Ҳужжат қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги амалдаги ҳуқуқий нормалар синчиклаб таҳлил этилганидан кейин, миллий қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилган. Моддама-модда муҳокама қилинганидан кейин Қонунчилик палатаси депутатлар киритган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди.

«Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Тўхтабоев тақдим этди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ чет эл инвестицияларини жалб этиш, мамлакатимиз ҳудудида замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ҳужжатни моддама-модда муҳокама қилиш пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Таъкидландики, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар амалдаги қонун ҳужжатларини эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши амалиётига мослаштириш, уларнинг оператив бошқарувини мувофиқлаштириш зарурати билан боғлиқ. Киритилаётган тузатишлар эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш тартибига, қўшимча имтиёзлар ва афзалликлар бериш механизмига, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган фаолият турларига, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни рўйхатдан ўтказиш тартибига тааллуқлидир.

Депутатлар айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилдилар.

«Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси А.Юнусова тақдим этди. Қонун лойиҳаси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияси (Женева, 1976 йил 26 июнь) Ўзбекистон томонидан ратификация қилинганлиги муносабати билан ишлаб чиқилди. Мазкур конвенцияга мувофиқ ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш мажбурий мактаб таълимини тамомлаш ёшидан, яъни 15 ёшдан кичик бўлмаслиги керак. Амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги, шунингдек «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ва болаларни таълим олишда тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ишларни бажаришдан ҳимоя қилишга доир талаблари билан боғлиқ.

Мазкур ҳужжатни муҳокама қилиш пайтида депутатлар болалар ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароит яратиш мамлакатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, соғлом, билимдон ёш авлодни шакллантириш ана шу вазифаларнинг амалга оширилишига боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Киритилган ўзгартишлар натижасида Ўзбекистон қонун ҳужжатларининг меҳнат ҳуқуқи ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қисми халқаро стандартларга мувофиқ ҳолга келтирилади. Бу эса, ёш мустақил давлатимизнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мазкур соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда умуминсоний қадриятларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Муҳокама пайтида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси А.Тўхташевнинг маърузаси бўйича Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Қонун лойиҳаси автомототранспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини ўғирлаганлик учун жавобгарликни белгилайди. Бу норма мазкур турдаги жиноятни очиш бўйича тезкор-қидирув ва тергов тадбирларини янада самаралироқ ўтказиш имкониятини беради.

Ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган барча таклифлар муҳокама этилганидан кейин депутатлар Қонунни қабул қилдилар.



Кўришлар сони: 12557

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...