Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида шу нарса таъкидландики, мазкур ҳужжат фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган, унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилган, давлат органлари фаолиятининг, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг, давлатимиз ташқи ва ички сиёсатининг шаффофлигини, очиқлигини, сиёсий плюрализмни, мамлакатимизда ва ундан ташқарида рўй бераётган ҳодисалар ҳақидаги фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда таъминлаш масалалари назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлашга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарлигини оширишга, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилашга доир асосий вазифалар белгиланган ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари тартибга солинган.

Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, депутатлар фикрига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишининг, бундай ахборотни олишга бўлган кафолатни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

Ҳар томонлама моддама-модда муҳокамадан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур Қонунни қабул қилди, у Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Шундан кейин депутатлар амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Чунончи, “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси аҳолига юридик хизмат кўрсатишга даъват этилган нотариат тизимида кадрлар тайёрлаш ва танлаш масалаларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Таклиф этилган тузатишлар нотариал муассасаларнинг фаолиятини янада яхшилашга, пировард натижада улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам киритилди. Бу ҳужжат фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган. Қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурларни амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш ҳамда мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари чегараларини аниқ белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик тизими сифатида «ижтимоий шериклик» тушунчасига таъриф берилган.

Савол-жавоблардан кейин қонун лойиҳаси батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари иштирок этдилар.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасининг Ахборот хизмати.


Кўришлар сони: 7397

Депутатлар минбари

Янгиликлар

03.06.2020
Депутатлик сўровини юбориш тартиби такомиллашади(ми?)

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутати сўровини юбориш тартибининг бугунги ҳолати, соҳадаги мавжуд...

03.06.2020
Ўзбекистон Франция парламентлари дўстлик гуруҳлари ҳамкорлиги

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида хорижий парламентлар билан...

03.06.2020
Давлат бюджети: Қатъий назорат ўрнатилган жойда муаммолар бўлмайди

— Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг ўтган йил декабрь ойида қабул қилингани бюджет ташкилотларининг...