Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг божхона имтиёзларини чет эллик инвесторлар ва республика тадбиркорлик субъектлари учун қўллашга доир қисмининг ижро этилиши тўғрисида


29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Мажлисда ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг божхона имтиёзларини чет эллик инвесторлар ва республика тадбиркорлик субъектлари учун қўллашга доир қисмининг ижро этилиши тўғрисида”ги масала муҳокама этилди. Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ахбороти тингланди.

Мажлисда таъкидланганидек, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона ва изчил сиёсат натижасида мамлакатимизнинг иқтисодий ва молиявий салоҳиятининг пухта пойдевори, молия-банк тизими шаклланлгани ва мустаҳкамлангани жаҳонда кечаётган молиявий инқирозининг таъсирини камайтириш ва унинг оқибатларини бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамасдан республикамизга хорижий инвестицияларнинг кириб келиш миқдори тобора ошиб бормоқда. Бу эса хорижий инвесторлар учун мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит яратилганлигидан далолат беради.

Хорижий инвестицияларни республикамизга жалб этиш, инвестицион фаолиятни тартибга солиш мақсадида “Божхона кодекси”, “Бож тарифи тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги ҳамда республикамизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи асосий меъёрий ҳужжат “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Мазкур қонунлар чет эллик инвесторлар ҳамда юртимиз тадбиркорларининг тўлақонли фаолият юритишларини таъминлаб, уларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлайди ва мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишига янада кенг имкониятларни юзага келтиради.

Маълумотларга кўра, 1998 йилда республикамизда чет эл инвестициялари иштирокидаги 929 та корхоналар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланган бўлса, ўтган 2008 йилга келиб, уларнинг сони 1462 тани ташкил этди. Яъни ўтган давр давомида 57,4 % га кўпайди. Ушбу корхоналар томонидан амалга оширилаётган экспорт ҳажми ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда.

2009 йилнинг 1-чораги давомида республикадан жами 2 млрд. АҚШ долларидан ортиқ товарлар экспорт қилинган. Мазкур товарлар экспортида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар улуши 12 фоизни ташкил этди. Корхоналар томонидан амалга оширилган экспорт операциялари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40,8 фоизга ошди.

Божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2004 йилда – 893 млрд. сўм, 2005 йилда – 1,3 трлн. сўм, 2006 йилда – 1,5 трлн. сўм, 2007 йилда – қарийб 2,5 трлн. сўм, 2008 йилда эса салкам 4,5 трлн. сўмни ташкил этган. 2008 йилдаги кўрсатгич 2007 йилга нисбатан 2 трлн. 49,2 млрд. сўмга ёки 86,2 фоизга ортган.

Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан божхона тўловлари бўйича берилаётган имтиёзлар миқдори сўнгги 5 йил мобайнида 3,5 трлн. сўмга ёки қарийб 4 баробарга ортган.

Бу имтиёзларни беришдан мақсад – ҳорижий инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш орқали иқтисодиётимизнинг реал сектори салоҳиятини ошириш, юртимиз ҳудудларида янги, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, пировард натижада мамлакатимизни барқарор ва мутаносиб тарзда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришдир.

Мажлис давомида депутатларнинг саволларига аник ва батафсил жавоблар берилди.

Қонунчилик палатаси мажлисида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.



Кўришлар сони: 8492

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...