Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2008 йилги ҳисоботи билан мазкур палата раиси Б.Мусаев сўзга чиқди. У таъкидладики, ўтган йили Ҳисоб палатаси фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил февралдаги мажлисида Президент Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига мувофиқ ташкил этилди. Ҳисобот даври давомида Ҳисоб палатаси 2007 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг ташқи аудитини амалга оширди, унга баҳо берди ва мамлакатнинг 2009 йилга мўлжалланган асосий молиявий ҳужжати экспертизасини ўтказди. Давлат бюджети даромад қисмининг шакллантирилиши ва ижро этилиши тармоқлар ҳамда худудлар бўйича моддама-модда таҳлил қилинди, давлат маблағларини сарфлаш устидан ҳам республика, ҳам маҳаллий даражада назорат ташкил этилди. Ҳисоб палатаси маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш ва харажатларини оптималлаштириш, уларни дотациялаш даражасини пасайтириш борасидаги чора-тадбирлар натижаларини ўрганиш мақсадида минтақаларга бориб ишлади, мамлакат ташқи савдо айланмасининг ҳолатини таҳлил қилди, товарлар импортини оптималлаштиришга, экспорт тушумлари тўлиқ ва ўз вақтида кирим қилинишига, чет эл валютасини мажбурий сотишга доир масалаларни ўрганиб чиқди, сиёсий партиялар молиявий маблағларининг шакллантирилишини, шунингдек улардан мўлжалланган мақсадда фойдаланилишини текширди.

Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган ҳисоботнинг батафсил муҳокамаси чоғида сиёсий партиялар барча фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар бюджет маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш механизмини янада такомиллаштириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришнинг, Инқирозга қарши 2009–2012 йилларга мўлжалланган дастурда Президент Ислом Каримов томонидан қўйилган вазифаларни муваффақиятли ҳал этишнинг ўта муҳим шартларидан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бу ишда қонунийлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш принципларига қатъий риоя этиш зарур. Муҳокама иштирокчилари Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий мувофиқ ҳолда ўтаётганлигини, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник жиҳатдан янгилаш ва диверсификациялаш, инновация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек жаҳон молиявий инқирозининг салбий оқибатларига барҳам бериш мақсадларида давлат ажратаётган молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан парламент назоратининг самарали шаклларидан бири эканлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2008 йилги ҳисоботини тасдиқлаб, тегишли қарор қабул қилди.

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзоси К.Турғунбоев «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 104-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ушбу ҳужжат 2008 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги экинларининг пайҳон қилинишига қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ҳужжатнинг муҳокамаси вақтида депутатлар жойларда экинзорларни пайҳон қилиш ва бузиш далиллари кўплигига, бу ҳол дон, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўплаб нобуд бўлишига олиб келаётганлигига эътибор қаратдилар. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра ўтган йилнинг фақат тўққиз ой ичида экинзорларни пайҳон қилишдан кўрилган зарар 64 миллион сўмни ташкил этган. Шу муносабат билан қонун лойиҳасида юқоридаги каби ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Кодексга тегишли ўзгартишлар киритиш таклиф қилинди.

Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида сиёсий партиялар барча фракциялари вакиллари баён этган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Кўришлар сони: 7670

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...