Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси Б.Юсупов тақдим этди. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилганлиги ва унинг айрим нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш зарурати муносабати билан, шунингдек ушбу соҳада мамлакатимизда тўпланган иш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида номоддий маданий мерос объектларини талқин қилиш билан боғлиқ нормалар қайта кўриб чиқилган, номоддий маданий мерос объектларини сақлаш ва қайта тиклаш чоралари тўғрисида янги қоидалар белгиланган.

Савол-жавоблардан кейин қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан сиёсий партиялар барча фракцияларининг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги йилларида мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида қадимий ўзбек халқининг кўп асрлик маданий ва маънавий меросининг моддий ҳамда номоддий намуналарини тиклаш, сақлаш ва тарғиб қилиш борасида катта иш қилинганлигини таъкидладилар. ЮНЕСКО оғзаки ва номоддий маданий мерос дурдоналари рўйхатидан Ўзбекистон номоддий маданий меросининг иккита намунаси – Бойсун туманидаги маданий мерос ва Шашмақом мусиқавий анъаналари жой олган. Киритилаётган ҳуқуқий нормалардаги янгилик ва уларнинг долзарблиги энг аввало шундаки, улар моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник жиҳатдан ўрганиш, консервациялаш, реставрация қилиш ҳамда ҳозирда фойдаланиш учун мослаштириш бўйича давлат дастурларини самаралироқ рўёбга чиқариш имконини беради, ушбу соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаради.

Қонунчилик палатаси депутатларнинг айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларини ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди, Қонун маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилади.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси Н.Алимов «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида ахборот берди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлган кўп сонли археология мероси объектларини аниқлаш, ўрганиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби белгилаб берилади. Археология мероси объектларига нисбатан мулкчилик ҳуқуқи, археология объектини Маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритиш ва ундан чиқариш, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, археология предметларини ҳисобга олиш ва сақлаш каби муҳим масалалар ҳам муҳокамага қўйилган ҳужжат орқали тартибга солинади.

Муҳокама давомида депутатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кўп асрлик миллий тарих ва маданиятнинг таркибий қисми бўлган археология мероси объектларини давлат томонидан ишончли муҳофаза қилиниши муҳим аҳамиятга эга эканлигини, уларни изчил ўрганиш ва тадқиқотлар натижаларини жаҳон жамоатчилиги эътиборига етказиш, улғайиб келаётган авлодни тарихий далиллар мисолида тарбиялаш зарурлигини таъкидладилар. Ўзбекистоннинг ўз мустақиллиги йилларида қадимги ўзбек халқининг бой археология меросини қайта тиклаш ва тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини, шунинг учун депутатлар мазкур масалага бундан буён ҳам катта эътибор қаратишлари алоҳида таъкидланди.

Муҳокама давомида баён этилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

«Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Хатамов маъруза қилди. Қонун лойиҳасида ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг умумий ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари белгилаб берилган, ушбу соҳада давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўзини ўзини бошқариш органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар ўртасидаги, шунингдек жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Ҳужжатни муҳокама қилиш вақтида депутатлар ёнғин хавфсизлиги миллий хизматини янги давр талабларига мувофиқ равишда бундан буён ҳам такомиллаштириб бориш зарур эканлигини таъкидладилар. Ушбу масаланинг ҳал этилиши ижтимоий хавфсизликни таъминлаш, ёнғин ва у туфайли келиб чиқадиган зиёнларнинг олдини олишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник ва бошқа чоралар комплекси билан жипс боғлиқ эканлигига эътибор қаратилди.

Қонунчилик палатаси депутатлар киритган таклифларни муҳокама қилиб, қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Кўришлар сони: 9220

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...