Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2008 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот билан С.Рашидова сўзга чиқди. Ўтган йилда парламент омбудсмани фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда, ушбу соҳадаги миллий қонун ҳужжатлари умум томонидан қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилишида фаол иштирок этди, фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини мунтазам равишда ўрганди ва таҳлил қилди, мониторинг тадқиқотлари, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилинганлиги 2008 йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда қудратли омил бўлди.

Савол-жавоблардан кейин ҳисоботнинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, унда депутатлар мамлакатимиз мустақил ривожланишининг дастлабки йилларидан бошлабоқ, Ўзбекистон раҳбарияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга улкан аҳамият қаратиб келаётганлиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди. Бизнинг инсон ҳуқуқларига содиқлигимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, бошқа қонун ҳужжатларида эълон қилинган. Мустақиллик йилларида давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 60 тадан кўп асосий ҳужжатга қўшилди, ушбу соҳада БМТ томонидан қабул қилинган олтита асосий халқаро ҳужжат иштирокчисига айланди.

Муҳокама чоғида баён қилинган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаб, тегишли қарор қабул қилдилар.

«Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Тўхтабоев тақдим этди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ чет эл инвестицияларини жалб этиш, мамлакатимиз ҳудудида ҳозирги замон юқори технологияларига эга бўлган корхоналарни ташкил этиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжат муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Таъкидландики, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларини эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши тажрибасига мувофиқлаштириш, уларни тезкор бошқаришни уйғунлаштириш зарурлигига асосланади. Киритилаётган тузатишлар эркин зоналар барпо этиш тартибига, қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш механизмига, тегишли ҳудудда амалга оширилаётган фаолият турларига, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни рўйхатдан ўтказиш тартибига дахлдордир.

Депутатлар айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш мақсадида киритилган таклифларни ҳисобга олиб, ушбу қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ш.Тешаев «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берди. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Инсонпарварлик ёрдами ҳамда техник кўмаклашиш воситаларидан мақсадли фойдаланишни мувофиқлаштириш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш департаментини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинганлиги муносабати билан ишлаб чиқилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасига келаётган инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш воситаларининг, шу жумладан номоддий соҳадаги ёрдамнинг барча турларини тўлиқ ва тизимли ҳисобга олишни таъминлашга қаратилган.

Муҳокама вақтида депутатлар билдирган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, масъул қўмитага ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказиш вазифасини топширди.

Кўришлар сони: 6039

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...