Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажарилди

Шу йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот ҳамда “Бюджет тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Хоразм вилоятидаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил натижалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидландики, жорий йилнинг 18 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг изчил ўсиши таъминланди.

Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,0 фоизга ўсди. Иқтисодий ўсиш саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ҳажмининг 7,3 фоизга, чакана савдо товар айланмаси ҳажмининг 14,6 фоизга ва хизмат кўрсатиш ҳажмининг 12,1 фоизга кўпайиши ҳисобига таъминланди.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосига эришилди.

2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида 554,4 мингдан ортиқ, шу жумладан қишлоқ жойларда 344,4 мингта янги иш ўрни яратилиши таъминланди.

2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбаттан 24,3 фоизни, харажатлари 24,2 фоизни ташкил этди ва Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилди.

Йиғилишда ҳисобот даврида Давлат бюджетининг харажат қисмида асосий эътибор унинг ижтимоий йўналтирилганлигига, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлашга, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақаларини ҳамда биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга, бюджет маблағларининг ғазна ижросини таъминлашга, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бир қаторда ҳисобот даврида айрим бюджет муассасаларида маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги муҳокамаларда депутатлар томонидан танқид қилинди. Бу ҳолат жойларда “Бюджет тизими тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг талаблари тўлиқ бажарилмаётганлиги оқибатида рўй бераётганлиги таъкидланди. Ушбу масалада тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди. Жумладан, кун тартибидаги алоҳида масала сифатида “Бюджет тизими тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Хоразм вилоятидаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил натижалари кўриб чиқилди.

Хоразм вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг режаси 2012 йилда 102,5 фоизга ва жорий йилнинг 6 ойида эса 103,0 фоиз бажарилган, натижада маҳаллий бюджет харажатларининг ўз вақтида молиялаштирилишига эришилган.

“Бюджет тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш борасида вилоятда айрим камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Чунончи, келгуси йил учун давлат бюджети лойиҳаси белгиланган муддатларда топширилган бўлсада, бюджетдан маблағ олувчи айрим муассасалар бюджет сўровномаларини белгиланган тартибда топширмаганликлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Хоразм вилоятидаги Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан 2012 йил ва 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида бюджет муассасаларида маблағларнинг белгиланган мақсадларга сарфланиши, бюджет интизомига риоя этилиши юзасидан ўтказилган тафтиш ва текширишларда аниқланишича, кўп ҳолларда халқ таълими, соғлиқни сақлаш ҳамда олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги муассасаларида камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилган.

Йиғилишда Хоразм вилоятида бюджет даромад қисмининг бажарилиши ва харажатларни оптималлаштиришда маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва маъсулиятини янада ошириш, бюджет интизомига риоя этилишини таъминлаш ва мустаҳкамлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Ушбу масала бўйича депутатлар ва ишчи гуруҳи томонидан назорат-таҳлил натижаларига кўра қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ҳам бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинган ҳолда Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Кўришлар сони: 7466

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...