Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – муҳим вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2013 йил 23 август куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳномолигида миллий армиямизда ўтказилаётган, ҳарбий хизмат нуфузини оширишга ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлгани сингари Қашқадарё вилоятида ёшларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги хизматга тайёрлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш борасида шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тегишли фармойиш, қарор ва буйруқлари асосида тадбирлар белгиланиб, дастурлар ишлаб чиқилган. Жумладан, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, чақирув ёшидаги фуқаролар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари, хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўртасида ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий тарбияни ташкил этиш, ижтимоий ҳимоя йўналишидаги вазифаларни такомиллаштириш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан 2013 йилда олиб бориладиган ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилган.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси томонидан тасдиқланган ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан келишилган “Қашқадарё вилоятида жойлашган ўқув муассасаларидаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилишини текшириш ва амалий ёрдам бериш тартиби” режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ўқув муассасаларида ушбу режанинг бажарилиши шаҳар ва туман мудофаа ишлари бўлимлари томонидан назоратга олиниб, амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфида 2012-2013 ўқув йилида 144 та таълим муассасаси фаолият кўрсатиб, уларда Мудофаа вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг мутахассислари билан ҳамкорликда яратилган «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фанини ўқитиш бўйича 6 соатлик мультимедия дастури таълим тизимига жорий этилган.
2011 йилда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни танлаб олиш режасига мувофиқ 114 нафар номзод тайёрланиши белгиланган бўлиб, тайёрланган номзодлардан 29 нафари ўқишга кирган. 2012 йилда эса режага мувофиқ 117 нафар номзод тайёрланиши белгиланган бўлиб,
тайёрланган номзодлардан 32 нафари ўқишга кирган. Ўсмирлар орасида жисмоний тайёргарлик Қарши Олимпия заҳиралари коллежида, туманлардаги “Ватанпарвар” спорт мактабларида ва таълим муассасаларида ўқув дастурлари доирасида, шунингдек спорт жамиятлари ва клубларида олиб борилган. Шундан вилоят бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси 6 нафар, 22 нафар спорт устаси, 189 нафар спорт усталигига номзодлар, 412 нафар 1-тоифали спортчилар халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқдалар.
Шу билан бирга, масалани муҳокама қилиш мобайнида мажлис иштирокчилари Давлат дастурларини амалга ошириш ва «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашга доир қисмини ижро этишда ва резервчиларни тайёрлашда Қашқадарё вилоятида айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътиборни қаратдилар. Хусусан, чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарликнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини олий ҳарбий маълумотга эга ўқитувчилар билан тўлдириш, ҳарбий низомлар, йўриқномалар, ўқув-услубий қўлланмалар, ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш зарурлиги ҳамда мудофага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида курсантлар тайёрлаш сифатини ошириш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мажлис иштирокчилари бугунги кундаги долзарб масалаларга алоҳида эътиборни қаратдилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча таълим муассасалари, жамоат бирлашмаларининг маънан ва жисмонан баркамол, мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, миллий менталитетга ёт зарарли таъсир ва оқимларга қарши кураша оладиган ёшларни тарбиялаш бўйича фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга илмий муассасалар, жамоат бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, илм-фан, маданият, спорт соҳаси фахрийлари ва журналистларни фаолроқ жалб этиш таклиф қилинди.
Мажлисда муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.



Кўришлар сони: 3328

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...