Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

"Менга озиқ-овқат эмас ер беринг..."

"Менга озиқ-овқат эмас ер беринг..." "Менга озиқ-овқат эмас ер беринг..."

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, самарали макроиқтисодий сиёсатни юритиш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсати амалга оширилмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда юртимизда коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳимлигини ҳисобга олиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кам таъминланган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ишларни ўрганиб, уларга амалий кўмак бериб бориш ташкиллаштириб келинмоқда.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Жиззах вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалари қўмитаси томонидан Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Камбағал оилаларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш масалалари» масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинарда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари – Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бошқарма ҳамда бўлинмаси бошлиқлари, вилоят, шаҳар ва туман секторларининг котиблари, маҳалла раислари, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудда “темир дафтар”нинг юритилиши, камбағал оилаларни ижтимоий фаоллигини ошириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш бўйича қилинаётган ишлар билан танишишди. Танланма асосида дафтарга киритилган оилалар ҳолидан хабар олинди. Сўнг Жиззах Политехника интитутининг мажлислар залида семинар тарзида тадбир ташкил этилди.

Алоҳида эътироф этиш керак, вилоятда бу борада талайгина амалий ишлар қилинган. Хусусан,“темир дафтар”га эҳтиёжманд 74 616 нафар аъзолари бўлган 16 746 та оилалар киритилган бўлиб, шундан меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар 19 922 нафарни ташкил этади. Бугунги кунга қадар бандлигини таъминлаш орқали даромад манбаига эга бўлган 5 975 та (36 %) оилалар Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилган.

Ижтимоий кўмак берилган фуқаролар билан суҳбат чоғида улар Президентнинг сиёсатидан ҳамда қабул қилинган қонун ва меъёрларнинг ижроси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан назоратга олинганидан мамнун эканликларини билдиришди.

Эътиборли жиҳати, Фориш тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг таъкидлашича “фуқароларга иккинчи экин учун ер ажратилиши жуда тўғри бўлди. Сабаби ижтимоий ҳимояга муҳтож бир фуқарога биз доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа кўмак берар эдик. Янги тизим бўйича 2 гектар мавсумий ер ажратилди. Қилинган меҳнат натижасида яхшигина даромадга эга бўлган ушбу фуқаро энди менга шу тартибда ер берилса бўлди, бошқа ҳеч қандай ёрдам керак эмаслигини билдирди. Экин экиш учун ер ажратилган аксарият аҳолининг фикри шундай”.

Ёки Жиззах шаҳар “Олмазор” маҳалласида яшовчи Дилафруз Икромова олдин “темир дафтар” рўйхатида бўлган. Сектор ва маҳалла кўмаги билан 30 млн. банк кредити орқали тикув машинаси олиб иш бошлаган. Олинган даромади натижасида тикув машиналар сонини кўпайтириб бориб, ўз уйида кичик цех ташкил этади. Оилавий корхона фаолияти билан танишдик. Бугунги кунда маҳалласидаги 28 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар дастлабки натижаларини бераётганини кўриб, Президентимиз томонидан белгиланган мақсад «камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаш» долзарблигининг ёрқин исботи эканлигини гувоҳи бўлдик.

Бу борада эътибор эҳтиёжманд қатламга бир-икки марталик моддий ёрдам беришга эмас, балки ишлаб пул топиш учун шарт-шароит ва имкониятлар яратишга қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Семинар якунида шундай хулоса қилиндики: “камбағалликка қарши курашишнинг энг тўғри йўли бу – фуқароларнинг иқтисодий тафаккурини ўзгартиришдир. Фуқароларнинг иқтисодий тафаккури ва иқтисодий тарбияси ўзгармас экан, боқимандалик кайфиятидан ҳамда камбағаллик тузоғидан чиқишимиз жуда мушкул”.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

 

 


Кўришлар сони: 70

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...