Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Вазир жавоби депутатларни қониқтирди...ми?

Вазир жавоби депутатларни қониқтирди...ми? Вазир жавоби депутатларни қониқтирди...ми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” ўтказилди. Унда депутатлар “Пандемия даврида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, тайёрлаш, сақлаш ва бошқа логистика хизматларини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилишди. Халқ вакилларининг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев жавоб берди.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги оғир пандемия шароитида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, биринчи навбатда, республика аҳолисининг сифатли ва арзон маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, қолаверса, маҳсулотлар экспортини барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳудудларда замонавий агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича муайян саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг биринчи ярмида 8 та агрологистика марказларини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, амалда 923,2 млрд. сўм инвестиция маблағлари ҳисобига 9 та агрологистика марказлари ишга туширилиб, 3497 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, мамлакат Президентнинг тегишли қарорига кўра, ҳозирги вақтда Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида йирик агрологистика марказларини ташкил этиш учун жами 72,3 га ер майдони ажратилган. Бу борадаги лойиҳалаш ишлари якунлангандан сўнг, қурилиш ишларини 2021 йилнинг январь ойидан бошлаш ва 2022 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Вазир депутатлар эътиборини яна бир муҳим масалага қаратди. Маълумки, жорий йилнинг 11 июль куни Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500,0 млн. доллар миқдорида қарз битими имзоланган. Ушбу маблағ энг катта инвестиция ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 200 минг тоннадан бўлган 2 та агрологистика комплексларининг қурилиши учун 35 млн. доллар маблағ жалб этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жорий йилда лойиҳа қиймати 837 млрд. сўм бўлган 246 та музлатгичли омборхоналар ташкил этилади ва 1,9 минг та янги иш ўринлари яратилади. Бунинг натижасида шу йил охирига келиб, жами мева-сабзавот маҳсулотларининг сақлаш қувватларининг умумий қуввати 1,1 млн. тоннага етказиш чоралари кўрилади. Ушбу сақлаш қувватларидан бир йилда камида икки марта фойдаланиш орқали 1,9 млн. тонна (8 фоиз) маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд.

Бироқ юқоридаги самарали ишлар амалга оширилишига қарамай бугунги кунда ушбу қувватлардан 350-400 минг тоннага (30-40 фоиз) ёки бир мавсум давомида фойдаланиб келинмоқда. Мева-сабзавот маҳсулотларини тизимли сақлаш ва экспорт қилиш механизми яхши шаклланмаган.

Шундан келиб чиқиб, Вазирлик томонидан совутгичли ва сақлов омборхоналари тизимини рақамлаштириш ва омборхонлардан самарали фойдаланишга оид онлайн платформани яратиш бўйича иш ташкил этилмоқда.

Ушбу тизим маҳсулот етиштирувчи, сақловчи ва экспорт қилувчи тадбиркорлар интеграциясига ва онлайн режимда республиканинг барча худудларида мавжуд омборхоналар, уларда сақланаётган маҳсулотлар ҳақида керакли маълумотларни олишга пухта замин бўлиб хизмат қилади.

Депутатлар жорий йилда барча тоифадаги ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ички истеъмолни таъминлаш, экспорт қилиш ва уларнинг захирасини яратиш юзасидан қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқдилар.

Вазир берган жавобга кўра, республика аҳолисини арзон ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, 2020 йил ҳосили учун 2019 йил август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябр-декабрь ойларида тўқсонбости усулида жами 206,7 минг гектар сабзавотлар экинлари экилган.

2020 йил баҳор ойларида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан асосий майдонларга жами 387,8 минг гектар экинлар экилиши таъминланган.

Ҳозирда ҳудудларда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишлари якунланмоқда. Жорий йил 4 август ҳолатига жами 731 минг га (85 фоиз) майдонларга такрорий экинлар экилган.

Экспорт бўйича 2020 йилнинг биринчи ярмида 481,2 млн. доллар қийматдаги 761,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.

Жаҳонда юз бераётган пендемия шароитида экспорт бозорларини диверсификация қилиш мақсадида экспортни рағбатлантириш агентлиги кўмагида юқори тўлов қобилиятига эга ташқи бозорлар географиясини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Франция, АҚШ, БАА, Голландия ва Грузия каби давлатларига жами 8 млн.долларлик яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 млн.долларга кўп мева ва сабзавотлар маҳсулотлари экспорт қилинган.

Бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчиликнинг таъсирчан механизимларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам халқ вакилларини қизиқтирган саволлардан бири бўлди.

Вазир ушбу масалага батафсил тўхталиб, ушбу йўналишда бугунги кунда Органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича агрокластерлар ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини таъкидлади.

Ҳозирги кунга қадар жами 315 та қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан халқаро сифат стандартлари мувофиқлик сертификатлари олинган.

Шу билан бирга, 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камабағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда умумий прогноз ҳажмлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, Ресубликада жами 556,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шундан, 300 минг тонна картошка, 137 минг тонна сабзи, 68,5 минг тонна гуруч ва 51,3 минг тонна пиёз жамғариш режалаштирилган.

Ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларининг нарх конъюктурасини ҳамда уларга қўйилган санитария-экологик меъёрлар ва талаблардан келиб чиқиб, ҳудудларда шунга мувофиқ тарзда қандай тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда? деган саволга вазир батафсил жавоб қайтарди. Хорижий компаниялар билан бу борадаги ҳамкорлик ишларини бирма-бир айтиб ўтди. Энг муҳими, ўтказилаётган таҳлиллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички ва ташқи бозордаги нархлари ва уларга қўйилган талаблар билан фермер ва деҳқон хўжаликларини хабардор қилиб бориш бўйича вазирлик томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилаётгани таъкидланди.

Барчамизга аёнки, сўнгги йилларда истеъмол картошкасига бўлган талаб ортмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда “Ҳукумат соати”да ички бозорда картошка нархини ошиб кетишини олдини олиш мақсадида Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг 26 та туманини истеъмол картошкаси ва 16 та туманини уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштириш, Жиззах вилояти ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилаётгани алоҳида қайд этилди.

Депутатлар “Ҳукумат соати”да муҳокама қилинган масала юзасидан ўзларининг таклиф ва тавсияларини ҳам билдириб ўтдилар. Муҳокамалар сўнгида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 413

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...