Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлади

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги  ҳисоботини тасдиқлади  Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги  ҳисоботини тасдиқлади

2020 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари Ҳисоб палатасининг 2019 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Маълумки, давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланган Ҳисоб палатаси ўз ваколатлари доирасида барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Б. Турабов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Таъкидлаш жоиз, ҳисобот дастлаб парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилди. Мазкур муҳокамаларда Ҳисоб палатасининг 2019 йилда амалга оширган кенг қамровли фаолияти ва унинг натижалари эътироф этилди. Хусусан, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда бюджет даромадлари тўлиқлигининг таъминланиши, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши, аниқланаётган тизимли хато-камчиликларни бартараф этилиши юзасидан таклифлар киритилиши борасидаги ишлар ижобий баҳоланди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти мамлакатимиз Президентининг фармон ва қарорлари асосида олиб борилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини амалга оширишга қаратилган.

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда жами 344 та, шундан 188 таси худудларга чиққан ҳолда, қолган 156 таси эса, масофавий тарзда назорат тадбирлари ва таҳлиллар ўтказилиб, ушбу назорат тадбирларида Ҳисоб палатасига бевосита юклатилган 10 та йўналишдаги вазифалар билан биргаликда бир қатор алоҳида ва қўшимча топшириқлар бўйича ишлар олиб борилган. Хусусан, Давлат бюджетига қўшимча 2,7 трлн. сўмлик даромад манбалари аниқланиб, 2019 йилда белгиланган қўшимча даромад манбалари ҳудудлар бўйича тўлиқ таъминланишида амалий ёрдамлар кўрсатилган.

Бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн. сўмлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда бир қатор услубий хато ва камчиликлар аниқланиб, 150 млрд.сўмнинг жойида бартараф этилиши таъминланган, 532 млрд. сўмлик харажатларни оптималлаштириш бўйича таклифлар киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва ҳужжатларидаги 35 мингга яқин топшириқлар ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган 4 мингдан ортиқ 130,0 млрд. долларлик келишувлар ижроси юзасидан назорат олиб борилган.

2019 йилда вазирлик ва идораларнинг Президент топшириқлари ижроси юзасидан Ҳисоб палатасига киритган 47 591 та маълумот ва ҳисоботлари кўриб чиқилган. Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган келишувлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари, пул-кредит сиёсати, импорт ва маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича Давлатимиз раҳбари, Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа мутасадди ташкилотларга киритиб борилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан ҳудудларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулкларининг бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш учун республикадан ажратилган 235,6 млрд.сўм маблағларни мақсадли йўналтирилиши ҳамда тадбиркорларга тегишли миқдорда мулк ва ер майдонлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Давлат буюртмасига мувофиқ, янги иш ўринларини ташкил этиш прогноз кўрсаткичларининг ижроси бўйича ўтказилган ўрганиш натижаларини Олий Мажлис палаталарига киритиб бориш, жорий йилда Андижон вилоятида ўтказилгани каби, депутатлар билан ҳамкорликда соҳа бўйича назорат тадбирларини давом эттиришга келишиб олинди.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг Ҳисоб палатаси фаолиятига таъсири тўғрисидаги саволларга, жойларга чиққан ҳолда ўтказиладиган назорат тадбирлари вақтинчалик тўхтатилганлиги, тадбирлар мавжуд ахборот алмашинуви тизимларидан фойдаланган ҳолда, масофавий таҳлиллар асосида амалга оширилаётганлиги маълум қилинди. Бундай ҳолатда Ҳисоб палатасининг 2020 йилги Иш дастури қайта кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари асосидаги назорат тадбирлари биринчи навбатда ўтказилиши билдирилди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг келгусидаги иш фаолиятига оид таклиф ва тавсиялар ҳам берилди. Ҳусусан, бюджет интизомини бузган, бюджет маблағларини мақсадсиз ва самарасиз ишлатган бюджет маблағлари олувчиларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишни, бюджет тизими бюджетларига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишда аниқланган заҳира ва қўшимча манбалар бўйича ҳисоботларни алоҳида юритиш, давлат дастурлари ва йирик лойиҳалар бўйича Давлат аудитларни ўтказишда стратегик ёндашувни жорий қилиш ва бу борада махсус методологияни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш ҳамда аудит текширувларида харажатларнинг қонунийлиги ва белгиланган мақсадларга мувофиқлигини аниқлаш билан бир қаторда харажатлардан олинган ва кутилаётган самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш тавсия этилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар парламент назоратини амалга ошириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини фаол тарзда жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.  

Мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 281

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...