Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижросини кўриб чиқдилар

Депутатлар Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижросини кўриб чиқдилар Депутатлар Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижросини кўриб чиқдилар

2020 йил 23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.

Ҳисоботда келтирилганидек, Ҳукуматда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисига Мурожаатномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20-21 январдаги Олий Мажлис палаталаридаги маърузаларидан келиб чиқувчи вазифаларнинг ижросини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Уларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларида амалга оширилган таркибий ўзгартиришлар, ислоҳотлар ҳамда ўз вақтида кўрилган амалий чора-тадбирлар ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлди.

Ҳисоботга кўра, 2020 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Хусусан, саноат тармоқлари 4,8 фоиз, жами хизматлар – 8,7 фоиз, чакана савдо айланмаси – 4,8 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 3,3 фоизга ортиши иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида хизмат қилди. Қулай инвестиция муҳити эвазига иқтисодиётга жалб этилган жами инвестициялар ҳажми 158,9 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 7,5 фоизга ўсди.

Таъкидланганидек, Хитой Халқ Республикасида аниқланган, сўнгра дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатига тарқалган коронавирус пандемияси сабабли, иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари секинлашди. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида Ҳукумат томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш юзасидан қатор чоралар кўрилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Мазкур маблағ, даволаш ва бошқа муассасаларини зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш, шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, даволаш муассасаларини қуриш ва жиҳозлаш, ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик тақдим этишни кенгайтириш, қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш ва фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш, ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш каби тадбирларга йўналтирилмоқда.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида кредитлаш ҳажмлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ошиб, жами 30 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Банклар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қисқа муддатли – айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда 3 трлн сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди.

Мамлакатимизда пандемия фонида туризм хизматларини кўрсатиш ҳажми ҳам кескин камайди. Хусусан, 2019 йилнинг январь-март ойларида 1 380 минг нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган бўлса, 2020 йилнинг I чорагида ташриф буюрувчилар оқими 12 фоизга камайди. Шунингдек, ҳисобот даврида туризм хизматлари ҳажми 202 млн АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга камдир.

Мажлисда депутатлар томонидан бугунги мураккаб шароитда соғлиқни сақлаш тизимини янада қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар, дори воситалари билан таъминлаш, соҳа ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш даврнинг энг долзарб талаби бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, парламент аъзолари томонидан пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўз томорқаларидан самарали фойдалана олиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларга кўчатлар, минерал ўғитлар етказиб беришдаги, кредит олишдаги муаммоларни ҳал қилиш юзасидан бир қатор таклифлар берилди.

Тадбирда депутатлар, жорий йилнинг иккинчи чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар. Шунингдек, аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Айни масалалар юзасидан ҳам депутатларнинг Ҳукуматга таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Қизғин ва амалий руҳда кечган ўзаро савол-жавоблардан сўнг депутатлар Ҳукумат ҳисоботини маълумот учун қабул қилдилар.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати

 

 


Кўришлар сони: 275

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...