Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

ЕОИИ билан ҳамкорлик мулоҳазалари. Ҳукумат аъзолари ушбу масалада депутатлар саволларига жавоб қайтардилар

ЕОИИ билан ҳамкорлик мулоҳазалари. Ҳукумат аъзолари ушбу масалада депутатлар саволларига жавоб қайтардилар ЕОИИ билан ҳамкорлик мулоҳазалари. Ҳукумат аъзолари ушбу масалада депутатлар саволларига жавоб қайтардилар

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги қай кўринишда бўлиши манфаатли бўлади? Халқ вакиллари бўлмиш депутатлар ва сенаторлар кейинги ойларда парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича, чуқур муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари лозимлигини амалий ишлари билан кўрсатмоқдалар.

Коронавирус пандемияси туфайли карантин қоидаларига биноан кўпчилик бир пайтда тўпланиши қатъий таъқиқланган ҳозирги шароитда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳамда сиёсий партиялар фракцияларида мазкур масала чуқур ўрганилиб, кенг таҳлил қилинмоқда. Лекин барча тадбирлар видеоконференцалоқа шаклида ўтказилмоқда.   

Жорий йилнинг 10 апрель куни Қонунчилик палатасида шу шаклда ўтказилган “Ҳукумат соати”да ҳукумат аъзолари Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб қайтардилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Молия вазири Т. Ишметов, Бош вазирнинг маслаҳатчиси К. Рашидов ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча масъул ходимлари, бошқа бир қанча вазирликлар, ташкилотлар ва муассасалар масъул ходимлари, мутахассислар ва экспертлар масофадан иштирок этган “Ҳукумат соати”да ЕОИИ билан интеграциялашув жараёни кечган тақдирда ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк ва молия соҳаси, бандлик, таълим, тиббиёт, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш масалаларида қандай ижобий ёки салбий ўзгаришлар рўй бериши масалаларига тўхталиб ўтилди.


Хусусан, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари А. Қодировнинг, ЕОИИ билан муносабатлар иттифоққа аъзо бўлмаган қўшниларимиз – Тожикистон ва Туркманистон билан иқтисодий ва сиёсий муносабатларимизга қандай таъсир қилиши таҳлил қилинганми, деган саволига Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов қуйидагича жавоб қайтарди.

– Таъкидлаш жоиз, ушбу икки қўшни мамлакат билан амалдаги икки томонлама ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасидаги кенг қамровли келишувлар доирасида ҳамкорлик олиб борилмоқда. Иқтисодий, сиёсий муносабатларимиз ривожланишида тизимли ишларнинг давом эттирилиши албатта, биз учун устувор йўналишлардан биридир. Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш лозим, масалан Тожикистон 2015 йилдан бери ЕОИИ интеграциялашув масаласини ўрганиб келмоқда. Шу билан бир пайтда Тожикистон ЕОИИ давлатлари томонидан ташкил этилган Евроосиё тараққиёт банки билан фаол ҳамкорлик қилиб келади. Туркманистон билан ҳам биз жуда яқин савдо-иқтисодий, инвестициявий, умуман ҳар томонлама муносабатларни давом эттиришга ҳаракат қиляпмиз. Туркманистон томонидан ҳам ҳозирги пайтда дунёда таркиб топаётган интеграцион ташкилотлар билан турли кўринишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлаш лозим. Ана шу омилларни инбатга олиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган йўналишимиз бўйича режаларимиз мазкур давлатлар билан муносабатларимизга кескин салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонамиз.

Шунингдек, Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланишига оид вазирликлар, давлат қўмиталари, ташкилотлар, етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва маҳаллий экспертлар томонидан олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ва билдирилган таклиф ва хулосалар батафсил муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг чуқурлашиш даражасини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, ташқи рақобатдан нисбатан ҳимояланган саноат тармоқларининг ўрта ва узоқ муддатда ривожланиш сценарийлари ва уларнинг оқибатларини баҳолашга оид Ҳукумат вакиллари томонидан амалга оширилган таҳлиллар натижаларига эътибор қаратилди.


Шу билан бирга, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар аъзолари томонидан ижтимоий тармоқларда ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи бўйича аҳоли (электорат) билан доимий мулоқотлар олиб борилаётгани ҳамда аҳолининг ушбу масалаларга қизиқиши ортиб бораётгани айтиб ўтилди.

Муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда молия вазири Т.Ишметовнинг депутатларнинг саволларига жавоблари маълумот учун қабул қилинди ҳамда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувнинг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджетга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, ҳамкорликнинг банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини янада ривожланиши истиқболларини ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, ушбу масала бўйича илғор хорижий экспертлар ва мутахассисларнинг асослантирилган хулосаларини умумлаштириш вазифалари юклатилди.

Мажлисда депутатларнинг фаол иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масала юзасидан баҳслар, муҳокамаларни давом эттириш қайд этилди. Яқин кунларда ушбу масала бўйича парламент куйи палатасида «Парламент эшитуви» ўтказиш ҳам режалаштирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 


Кўришлар сони: 418

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...