Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар Давлат бюджетининг 2019 йил 9 ойлик ижросини муҳокама қилдилар

Депутатлар Давлат бюджетининг 2019 йил 9 ойлик ижросини муҳокама қилдилар Депутатлар Давлат бюджетининг 2019 йил 9 ойлик ижросини муҳокама қилдилар

2019 йил 21 ноябрь, куннинг иккинчи ярмида Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Мазкур ҳисобот аввалроқ, қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Ҳайдаров тақдим этди.

Мажлисда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш, бунга масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ижроси натижасида 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатли тарзда тараққий эттириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.


2019 йилда солиқ сиёсатини тубдан такомиллаштириш концепциясининг амалга татбиқ этилиши, қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий қилинган янгиликлар ҳисобига иқтисодиётда ташқи ва ички савдо айланмасининг ўсишига, валюта бозорининг янада эркинлашувига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилишига эришилди.

Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши
5,7 фоизни ташкил этди, хусусан, хизматлар кўрсатиш 1,7 фоиз, саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 фоиз, маҳсулотларга соф солиқлар
0,7 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари маҳсулоти ҳажми 0,6 фоиз ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 1,1 фоиз ўсган.

Давлат бюджети даромадлари 79,2 трлн. сўмни, харажатлари эса, 86,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ялпи маҳсулотдаги улуши тегишинча
21,9 ва 23,9 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси 31,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,2 фоиз ошган, экспорт ҳажми 13,7 млрд. АҚШ долларини ва импорт ҳажми 18,0 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган.


Харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45,9 трлн. сўм
ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 12,7 фоизни ташкил этган.

Депутатлар муҳокамаларда ҳисобот даврида амалга оширилган устувор вазифалардан бири — таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда олий ўқув юртлари ходимларининг иш ҳақини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашдилар.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 52.6 фоизини таълим тизими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан 24,2 трлн. сўм миқдорида маблағ ажратилгани диққатга молик, дея баҳоланди.

Шу билан бирга, парламент вакиллари бу борада йўл қўйилган сусткашликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига ажратилган 1 236,5 млрд. сўмлик маблағ ўзлаштирилиши таъминланмагани танқид қилинди.

Депутатлар тиббиёт муассасаларини молиялаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 10,6 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳага йўналтирилган умумий харажатларнинг 23 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани таъкидланди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга оширишга ва бошқа мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг 519,6 млрд. сўми ўзлаштирилмай қолгани танқид остига олинди.


Депутатлар кўзда тутилган ҳар бир вазифа ва топшириқнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, бу борада ижро масъулиятини янада кучайтириш лозимлигини қайд этдилар.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси таҳлилида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш борасида кўрилаётган чораларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, фракция аъзолари бир қатор масалаларда камчиликларга йўл қўйилганига тўхталиб ўтдилар. Жумладан, мамлакатимизининг айрим вилоятларида ишсизлик даражаси юқорилигача қолаётгани, бу ўз ўрнида ушбу ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини ошириши, имкон қадар бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш лозимлиги таъкидланди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари республикамизда болаларнинг мактабгача таълим тизими билан қамраб олингани масаласига эътибор қаратар экан, ҳозирги кўрсаткични янада кўтариш бўйича амалий ишларни янада кучайтириш, партиянинг келгуси беш йилликка мўлжалланган сайловолди дастурига мувофиқ, ушбу соҳада сезиларли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича ўз позициясини баён этди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича парламент қуйи палатаси депутатлари иштирокида кенг қамровли тизимли ишлар амалга оширилаётгани, оилавий поликлиникаларда шифокор қабулига ёзилиш ва маълумотлар базасини шакллантириш бўйича “Электрон поликлиника” тизимига босқичма-босқич ўтилаётгани, ҳар бир вилоятда биттадан шаҳар ва биттадан туман тиббиёт тизими намунали шаклга келтирилаётгани қайд қилинди.

Ўз навбатида, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам биттадан шаҳар ва туман тиббиёт бўлимларининг намунали ташкил этилиши бўйича амалий ишлар бошланган бўлишига қарамасдан, ҳали маҳаллий бюджетлардан маблағларнинг бу соҳани ривожлантиришга тўлиқ ажратилмаётгани фракция аъзолари томонидан танқид остига олинди. Фракция аъзолари бу борада ишлар кўламини жадаллик билан олиб бориш, соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарали ишлатилиши масалаларига ўзининг принципиал муносабатини билдирди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси  Давлат бюджети харажатларида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошириб борилаётганини, яъни, бу йўналишдаги харажатларга 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратилганини алоҳида эътироф этдилар. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига тўла мос келиши таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари ҳисобот юзасидан айрим таклиф ва мулоҳазаларни билдирдилар. Жумладан, Давлат бюджетида режалаштирилган маблағларнинг тушуми ҳамда уларнинг самарали ишлатилиши юзасидан депутатлик корпуси томонидан назоратни янада кучайтириш кераклиги айтиб ўтилди. Ушбу йўналишда даромадларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушиши ҳамда ажратилган маблағларни ўз ўрнида, самарали ишлатилиши, энг муҳими, кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағларнинг манзилли бўлишини назорат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакиллари 2019 йил 9 ойи давомида умумтаълим соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,2 трлн. сўмни ташкил этгани ва бу, ўз навбатида, тизимда сифат ўзгаришлари учун туртки бўлганини алоҳида эътироф этиб ўтдилар. Ушбу маблағлар тизимда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мактаб таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, республиканинг чекка ҳудудларида педагоглар танқислигининг олдини олиш ҳамда бошқа масалаларга йўналтирилгани қувонарли ҳол, сифатида баҳоланди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган
519,5 млрд. сўмлик маблағлар харажат қилинмай қолганига тўхталиб ўтар экан, маблағларнинг ўзлаштирилмаслик сабаблари ўтган йиллар бюджет ижроларида ҳам учраганини танқид қилдилар. Шу боис, ўзлаштирилиши таъминланмаган соҳалардаги муаммоларни жорий йилнинг охиригача ҳал этишда мутасадди раҳбарлар масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи вакиллари эса, ҳисобот даврида Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни бартараф этиш учун маблағларнинг ажратилиши ҳамда сарфланишини ижобий баҳолаган ҳолда, бу борада олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлигига эътибор қаратдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1119

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...