Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Статистика рақамлари ишончли бўлсин

Статистика рақамлари ишончли бўлсин Статистика рақамлари ишончли бўлсин

2019 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.Бегаловнинг “Ўзбекистон Республикасида статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш масалалари” юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Давлат статистика идоралари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Соҳани ислоҳ қилиш, амалиётга халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, энг асосийси, статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва уларнинг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳамда уларга эришишнинг аниқ механизмлари яратиб берилаётгани диққатга сазовордир.

Хусусан, мамлакатимизда кейинги уч йилда соҳага оид қабул қилинган ҳужжатлар доирасида статистика тизимида 6 та асосий йўналишда 17 та комплекс чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, тизимга Жаҳон миллий ҳисоблар тизими методологиясини жорий этиш ва “Статистикани ривожлантириш миллий стратегияси”ни қабул қилиш, шунингдек, очиқ маълумотлар порталини такомиллаштириш шулар жумласидандир.

Қўмита раисининг қайд этишича, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон Халқаро Валюта жамғармасининг кенгайтирилган маълумотларни тарқатиш умумий тизимига уланиб, унга кўра, 24 та категория бўйича 422 та индикатор эълон қилиниб келинмоқда. Шу билан бирга, 2020 йилда маълумотларни тарқатиш махсус стандартига ўтиш борасида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 2021 йил 1 январдан Макроиқтисодий кўрсаткичлар маълумотларини тарқатиш махсус стандартига ўтилиши муносабати билан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Халқаро ташкилотларнинг маълумотлар базалари ўрганилиб, даврий равишда эълон қилинадиган маълумотлар кўлами кенгайтириб борилмоқда. Масалан, жорий йил бошида Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинган маълумотлар тўпламлари сони 4 мингтага етган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 6,5 мингдан ошди. Порталда 137 та вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўз маълумотларини жойлаштириб бормоқда.

Шу билан бир қаторда, мазкур йўналишлар мамлакат миқёсида амалга ошириладиган йирик тадбирларни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказишни ҳам ўз ичига олади. Булардан энг асосийси 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш масаласидир.

Давлат статистика қўмитаси томонидан аҳолини рўйхатга олиш борасида тўпланган халқаро тажриба, бошқа мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Парламент эшитувида депутатлар статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва очиқлигини таъминлаш, уларни жаҳон стандартларига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Маълумотлар очиқ ва ҳаққоний бўлмас экан, улар дунё оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмас экан, мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, чет эл сармоядорларини жалб этиш қийин кечишини таъкидладилар.

Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар чоғида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини Халқаро валюта жамғармасининг Маълумотларни тарқатиш махсус стандартига ўтиши юзасидан 2019-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”нинг тўлиқ ижросини таъминлаш, давлат статистика ҳисоботи шакллари бўйича ҳисоботларни он-лайн режимда топшириш имкониятини берувчи махсус дастурий таъминотни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш лозимлиги қайд этилди. 2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” халқаро рейтингларида иштирокини таъминлаш чораларини кўриш кераклиги таъкидланди.

Парламент эшитуви якунида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг мамлакатимизда статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш йўналишидаги фаолиятини янада жонлантириш, соҳага доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.


Кўришлар сони: 586

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...