Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Ахборот технологияларини ривожлантириш — парламент эътиборидаги масала

Ахборот технологияларини ривожлантириш —  парламент эътиборидаги масала Ахборот технологияларини ривожлантириш —  парламент эътиборидаги масала

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2019 йил 6 ноябрь куни навбатдаги “Ҳукумат соати” ўтказилди. Унда депутатлар «Мамлакатда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари тўғрисида»ги масала юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Садиковнинг жавобларини эшитдилар.

Тадбирда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳага жалб этилаётган инвестициялар, хорижий сармояларни давлат-хусусий шерикчилик асосида ўзлаштиришни таъминлаш, ахборот технологиялари секторининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини ошириш бўйича кўрилаётган чора–тадбирлар, мобиль алоқа ва Интернет тармоғига уланиш хизматлари сифатини яхшилаш, нархларини оптималлаштириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида батафсил ахборот берилди.

Қайд этилганидек, мазкур соҳада ўтган 9 ой мобайнида жами 7,9 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилган. Жумладан, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 546,6 млрд. сўмлик компьютер дастурлаш хизматлари кўрсатилган. Уларни экспорт қилиш ҳажми 102,5 млн. долларни ташкил этган. Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 82,8 млн. доллар маблағ ўзлаштирилиб, белгиланган режа 153 фоизга бажарилган.

Телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш йўналишида оператор ва провайдерлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с ни, фойдаланилаётган сиғими 650,0 Гбит/с ташкил этган бўлиб, йил бошига нисбатан 48,1 фоизга ўсган.

“Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги кўзга ташланаётган бир қатор муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида айни йўналишда белгиланган вазифалар ижросини якунига етказиш, аҳолининг тез ҳамда сифатли интернет хизматларидан фойдаланиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида тегишли дастурларни ўз вақтида амалга ошириши лозимлиги қайд этилди. Мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш лойиҳасини бажариш соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиб, мазкур лойиҳани тўлиқ якунига етказиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинди.

Шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларининг интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти кўрсаткичлари (халқ таълими (31 фоиз), мактабгача таълим (29 фоиз) ва тиббиёт муассасалари (31 фоиз) мамлакатдаги барча ижтимоий инфратузилма объектларининг сонига олиб қараганда жуда паст бўлиб, мазкур кўрсаткичларни кескин ошириш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш юзасидан таклифлар берилди.  

— Бугунги кунда мамлакатимизга хорижий инвесторларни жалб қилиш, уларга ўз ғояларини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, турли имтиёзлар жорий қилиш юзасидан қатор қарору фармонлар қабул қилинмоқда, алоҳида режимлар, имтиёзлар амал қиладиган махсус эркин иқтисодий зоналар ташкил этилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул КУШЕРБОЕВ. — Инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш юзасидан ҳар бир соҳа олдига алоҳида вазифалар қўйилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, бугунги “Ҳукумат соати”да вазирга мамлакатимизда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасига инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тўғрисида ахборот беришини сўраган эдим. Вазир ҳар томонлама асосли, таҳлилий жавоб қайтарди. Унинг жавобларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим.

— Кейинги пайтларда парламент қуйи палатасида мунтазам ўтказилаётган “Ҳукумат соат”лари жойларда аҳоли билан учрашувлар чоғида халқимиз томонидан кўтарилаётган кўплаб масалаларга ечим топиш, уларга ойдинлик киритишда муҳим роль ўйнамоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ШАРОФУДДИНОВ. — Шу жиҳатдан, бу галги тадбирда ҳам юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб саволларимизга атрофлича жавоб олиш имкони бўлди. Хусусан, кўпчиликни ўйлантирадиган мобиль алоқа сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар, вазирликнинг бу борадаги истиқболдаги режалари бир қатор қонун ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кераклигини тақозо этиши маълум бўлди. Бу каби тадбирлар парламент, ҳукумат ва ижро ҳокимияти учун ҳам халқимиз манфаатларини таъминлашда бирдек фойдалидир.

Қизғин савол-жавоб руҳида ўтган тадбирда мамлакат ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш йўналишида қилинаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.


Кўришлар сони: 387

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...