Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Солиқ сиёсати концепцияси ижроси қандай таъминланяпти?

Солиқ сиёсати концепцияси ижроси қандай таъминланяпти? Солиқ сиёсати концепцияси ижроси қандай таъминланяпти?

Ушбу саволга 2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да жавоб изланди. Бу гал «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижадор-лигини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-табирлар тўғрисида»ги масала бўйича депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун парламент қуйи палатасига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев таклиф этилди.

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида юртимизда солиқ сиёсати борасида амалга оширилган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, солиқ юкини камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва тенг рақобат шароитини яратиш ва инвесторлар учун узоққа мўлжалланган солиқ сиёсатини белгилаш натижасида, аввало, тадбиркорлик субъектларига солиқ ставкалари пасайтирилиб, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивиденд солиғи 10 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларга ажратмалар эса, бекор қилинди. Солиқ солиш тизими соддалаштирилиб, солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқартирилди, ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботлари бирлаштирилди, қўшилган қиймат солиғи ҳисоботининг 9 та иловаси 5 тага туширилди, ҳисобварақ-фактура шакли соддалаштирилди. Натижада, жорий йилнинг I ярим йиллиги учун белгиланган бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичлари 39,1 трлн. сўмга ёки 108,4 фоизга бажарилди ва ўсиш суръати 161 фоизни ташкил этди. Солиқ қарзи 1,9 трлн. сўмни ташкил этиб, йил боши (3,0 трлн.сўм)га нисбатан 1,1 трлн. сўмга камайди.

Ахборотда таъкидланганидек, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони йил бошига нисбатан 6 баробарга кўпайиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига, 41,7 мингтага етди ва бунинг натижасида 11,2 трлн. сўм тушум таъминланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 трлн. сўмга (187,7 фоиз) ўсди.

Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида рўйхатга олинган алоҳида гувоҳнома жорий этилиши ҳисобига 48 мингта солиқ тўловчига гувоҳнома берилди. Натижада тадбиркорлик субъектларига бизнес юритишда бошқа субъект билан шартнома ёки битим тузишдан олдин ушбу субъектнинг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинганини текшириш имкони яратилди. Фермер хўжаликлари бухгалтерия ҳисобини юритиш учун алоҳида дастурий маҳсулот яратилиб, улар тажриба синовидан ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг I ярмида 55,5 мингта тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,1 мингтага (195,4 фоиз) ўсди.

«Ҳукумат соати»да бу борада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги Фармонида белгиланган устувор вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида унда белгилаб берилган ва ижроси кечиктирилаётган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид муҳим бандларнинг ижроси юзасидан аниқ «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, парламент Қонунчилик палатасига тақдим этиш, шунингдек Ҳаракатлар стратегияси асосида солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини янада соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган вазифаларини янада изчил, тизимли давом эттириш каби муаммоли ҳолатлар юзасидан бир қатор саволлар билан мурожаат этдилар.

Депутатларнинг фикрича, Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ тўловчиларнинг, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқиш ҳамда тўлаш бўйича малакасини мунтазам ошириб бориши, солиқ ҳисоботини соддалаштириш, унинг автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритувчи дастурий маҳсулотлар билан тезкор интеграциялашувини, бюджет тизими бюджетларининг прогноз параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўриши кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Давлат солиқ қўмитаси мутасаддиси парламент вакиллари берган саволларга жавоб қайтарар экан, улар томонидан кўтарилган масалаларни Президентимизнинг юқоридаги Фармонида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ижросини таъминлаш орқалигина ижобий ҳал этиш мумкинлигини билдирди.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг депутатлар томонидан Давлат солиқ қўмитаси фаолиятини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янада жонлантиришга, солиқ тизимида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, муаммо ва масалалар мавжудлиги юзасидан қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 619

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...