Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Қурилаётган арзон уй-жойлар сифати депутатларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди

Қурилаётган арзон уй-жойлар сифати депутатларнинг  қизғин мунозарасига сабаб бўлди Қурилаётган арзон уй-жойлар сифати депутатларнинг  қизғин мунозарасига сабаб бўлди

2018 йил 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисидаги масала киритилди.

Мазкур масала юзасидан депутатлар саволлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири А. Тўхтаев атрофлича маълумот берди.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши аҳолининг йиллар давомида ушалмаган орзуларини рўёбга чиқармоқда. Шу орқали юртимизда кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган йирик ижтимоий муаммолардан бири жадаллик билан ҳал этилмоқда.

2018 йилда жами 13 917 хонадонли 335 та уй-жой қурилиши режалаштирилган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари чоғида берган топшириқларига асосан эса, қўшимча 90 та уй бунёд этилиши белгиланган. Шулардан 79 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилган. Қолганларида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 январдаги “2018 йилда уй-жой қурилишини ривожлантириш мақсадли дастурларини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса, аҳоли учун жами 16 360 та арзон уй қурилиши белгиланган. Шундан 5 942 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.

Бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган, қурилиш ташкилотлари учун қатор имтиёзлар берилаётган бир пайтда кўплаб камчиликлар ҳам учраб тургани “Ҳукумат соати”да таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар халқимизни уй-жой билан таъминлаш, қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш, шунингдек, ҳудудларда бунёд этилаётган уйлар атрофида инфратузилмаларни яратиш борасидаги масалалар, одамларни ўйлантираётган муаммолар хусусида жиддий саволлар билан мурожаат этдилар. Айниқса, депутатларнинг эътирозига сабаб бўлган масала — Тошкент, Сирдарё, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида қурилиши режалаштирилган 4539 та уй-жойдан бугунги кунгача бирортаси ҳам фойдаланишга топширилмаганига изоҳ сўралди.

Депутатларнинг фикрича, уй-жой қурилиши борасида топшириқлар ижросини муддатидан олдин бажариш, ҳисоботлардаги статистиканинг ижобий бўлишини таъминлаш илинжида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмайди. Чуқур ўйланмасдан, тегишли хулосалар асосида иш олиб борилмаслиги баъзи ҳудудларда қуриб битказилаётган уй-жойларга аҳолини жойлаштиришда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарар экан, бундай ҳолатларга нисбатан вазирлик ва тегишли инспекция томонидан ҳам жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг ҳам масъулиятини ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Ҳукумат соати” доирасида берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Хусусан, уй-жой қурилиши соҳасидаги 27 йил аввал ишлаб чиқилган, ҳозирда мутлақо талабга жавоб бермайдиган нормативларни буткул янгидан ишлаб чиқиш, шунинг баробарида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш тавсия қилинди.

Йиғилиш якунида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1633

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...