Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Маданий мерос объектларига оид қонун ҳужжатлари ижроси қониқарлими?

Маданий мерос объектларига оид қонун ҳужжатлари ижроси қониқарлими? Маданий мерос объектларига оид қонун ҳужжатлари ижроси қониқарлими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахборотига оид парламент эшитуви ўтказилди.

Ҳаракатлар стратегиясида маданий-маърифий ташкилотлар ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам маданий мерос объектларини ишончли қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорида тарихий ва маданий меросни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш Концепциянинг асосий вазифаларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Бундан ташқари, маданий мерос муҳофазасини таъминлашга оид 5 та Қонун, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари, шундан 20 таси айнан 2017-2018 йиллар оралиғида қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОнинг соҳага оид 4 та Конвенцияси ратификация қилинди.

Парламент эшитувида маданият вазири тақдим этган маълумотга кўра, мамлакатимизда 7476 та моддий маданий, 107 та номоддий маданий мерос объекти мавжуд. Музейларда 2,5 миллиондан зиёд экспонат ва коллекция мавжуд, архивларда маданий мерос объектлари бўлган миллионлаб ҳужжатлар сақланмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари Умумжаҳон мероси рўйхатига, Шошмақом, Наврўз, Бойсун маданий муҳити, Аския, Катта ашула, Палов маданияти ва анъанаси, Марғилон ҳунармандчилик мактабининг атлас ва адрас тўқиш технологияси каби номоддий маданий мерос намуналари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган. Шунингдек, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги концеларияси ҳужжатлари “Жаҳон хотираси” дастуридан жой олган. Яна бир муҳим жиҳат шуки, мамлакатимиздаги 180 дан ортиқ халқаро сайёҳлик йўналишларининг 140 дан ортиғи айнан тарихий-маданий мерос объекти билан боғлиқ.

Шу боис, моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ва реставрация қилиш ишлари учун кейинги йилларда республика бюджетидан ажратилаётган бюджет маблағлари сезиларли даражада оширилди. Жумладан, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ташаббуси билан, 2018 йилда 46 млрд. 569 млн. сўм ажратилган бўлса, 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетномада 2019 йилда 67 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилди. Шу билан бирга, фракция таклифига кўра, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ҳам алоҳида маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари томонидан парламент эшитувига тайёргарлик доирасидаги ўрганишлар натижасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш амалиёти ҳамда соҳани ҳуқуқий тартибга солишда бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Эшитув давомида келтириб ўтилганидек, ҳозирги кунга қадар «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган вазифа – маданий мерос объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш, уларнинг ҳудудларидан фойдаланиш, тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналар ва тарихий масканларни ташкил қилиш, сақлаш режимларини белгиловчи қонуний механизмлари белгиланмаган ва қабул қилинмаган.

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 16 январдаги «Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармойиши билан 2018 йил 1 майга қадар моддий маданий ва археология мероси объектларини хатловдан ўтказиш, хатлов натижалари бўйича объектлар тўғрисида батафсил маълумотларни ўз ичига олган ва доимий янгиланиб борувчи ягона электрон маълумотлар базаси яратиш белгиланган бўлса-да, бироқ, амалда тўлиқ бажарилмаган.

Моддий маданий мерос объектларига ноқонуний эгалик қилиш, фойдаланиш ҳамда уларга зарар етказиш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Ўрганишларда 259 та объектга жиддий зарар етказилгани аниқланган. Моддий маданий мерос объектларининг атиги 2608 тасининг (34,14 %) кадастр ҳужжатлари мавжуд, 2232 тасига (29,5 %) муҳофаза белгилари ўрнатилган, холос. Обидаларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолган, уларнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш талаб даражасида эмас.

Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларида талаб ва меъёрларга зид равишда қурилиш ишларини олиб бориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Аксарият жойларда ўз касбининг эгалари – археолог, меъмор, санъатшунослар ишламаяпти, моддий маданий ва археология мероси объектларининг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари якунланмаган. Бундай объектларни ижарага бериш тизими такомиллаштирилмаган. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги «Сайид Оталиқ» мадрасаси (XVII аср) ижарага берилган бўлиб, ҳозирда мадраса хоналаридан омборхона сифатида фойдаланилмоқда.

Муҳокама чоғида баён этилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Маданият вазирининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахборотини маълумот учун қабул қилди.

Парламент эшитуви якуни юзасидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 3460

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.06.2019
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг фаолияти қандай баҳоланди?

Туристик хизматлар экспорти 2018 йилда 1 041 млн. АҚШ доллари бўлган бўлса, 2019 йилда 1 301...

18.06.2019
Қонун лойиҳаси ҳанузгача иккинчи ўқишга киритилмаяпти. Нима учун?

Қонунчилик палатасида Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 2 апрелида...

18.06.2019
Коммунал хизматлар сифатини яхшилашга эришиш парламент назоратида

2019 йил 18 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...