Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳукумат соатида муҳокама қилинди

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳукумат соатида муҳокама қилинди Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳукумат соатида муҳокама қилинди

Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини пасайтириш, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда иш излаётган муҳтож шахсларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида устувор вазифалардан бири қилиб белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволи юзасидан жойларда олиб борган ўрганишлари давомида ҳамда фуқароларнинг мурожаатларида бандлик масалалари кўтарилган.  

Шу муносабат билан  жорий йилнинг 5 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган «ҳукумат соати»га ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни оширишга олиб келадиган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги масала киритилди.

Ушбу масала юзасидан депутатлар олдида ахборот бериш ҳамда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бериши учун “Ҳукумат соати”га   Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири таклиф этилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар депутатлар эътиборида бўлди.

Мазкур йиғилишда диққат марказда бўлган ёшларнинг бандлиги, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш, иш билан таъминлаш чораларини кўриш депутатлик корпуси олдида ҳам турган долзарб вазифа эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. 

Вазир ўз ахборотида қайд этганидек, жорий йилнинг январь-май ойларида  республика бўйича 213 мингтага яқин иш ўринлари яратилди. Иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва улар фаолият кўламини кенгайтириш, аввал хусусийлаштирилган ва фаолиятида сусайиш кузатилган корхоналарни ривожлантириш учун “йўл харита”ларини ишга солиш, қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, кўп қаватли турар-жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилма қурилиши, ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратишда шундай кўрсаткичларга эришилди.

Вазир томонидан таъкидланганидек, шундай кўрсаткичларга эришилганлиги билан қаноатланиш керак эмас. Чунки бу борада фойдаланилмаган имкониятлар ҳали ҳам мавжуд. Фақат айрим мутасадди органлар бироз сусткашликка йўл қўймоқда. Хусусан, амалга оширилаётган ишлар билан биргаликда айрим маҳаллий ҳокимликлар томонидан янги иш ўринларини яратиш борасида ишлар етарли даражада ташкил этилмагани ва мавжуд имкониятлар тўлиқ сафарбар қилинмагани маълум. Жумладан, жорий йил 1-чораги учун доимий иш ўринларини белгиланган прогноз кўрсаткичлари Янгиобод, Зомин, Арнасой, Шовот, Бешариқ, Зангиота, Учкўприк, Олтиариқ ҳамда Хатирчи туманларида бажарилмаган.

Тақдим этилган ахборотда ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг ташқи меҳнат миграциясини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани алоҳида эътироф этилди. Жумладан, бу борадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилган бўлиб, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги ва “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда Қонунчилик палатасида  “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаб ўтилганидек, вазирлик томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг барқарор реал даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинмоқда ва бу борада қатор муаммоли масалалар аниқланиб, уларни ҳал этишга  эътибор қаратилмоқда. Хусусан, меҳнат бозорининг ягона информацион-таҳлилий тизимини яратиш, ишсизларни касбий ўқитиш тизимини такомиллаштириш, ташқи миграция масалаларини қайта кўриб такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида  фуқаролар, ходимларнинг кафотланган меҳнат ҳуқуқларини ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, бирон-бир шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолларига йўл қўймаслик, айрим салбий ҳолатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш  юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири депутатларнинг  аҳоли бандлиги, фуқароларни иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни ошириш юзасидан берган саволларига жавоб қайтарди. Йиғилиш якунида мазкур соҳадаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 2745

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...