Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Депутатлар Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар

Депутатлар Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар Депутатлар Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар

Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда депутатлар ўз конституциявий ваколатлари доирасида Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О.Рустамов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мамлакатимизнинг энг олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи ҳисобланиб, Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир. Шу боис, ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилди. Фракцияларда ўтказилган муҳокамалар давомида депутатлар парламент назоратини амалга ошириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини фаол тарзда жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдилар.  

Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти мамлакатимиз Президентининг фармон ва қарорлари, жумладан “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатлари асосида ташкиллаштирилди. Шу билан бирга, Давлат бюджети шаклланиши ва даромадларини кўпайтириш заҳираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг, шу жумладан ҳудудларга амалга оширилган ташриф давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашга қаратилган.

Тақдим этилган ахборотда таъкидландики, Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолиятида Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг ташқи аудитини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги давлат бюджети ва давлат  мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳасини такомиллаштириш бўйича 32 таклифлар билдирди. Давлат бюджети даромадлари прогнози лойиҳаси Ҳисоб палатасининг 10 та таклифлари асосида қайта кўриб чиқилиб, 1,4 трлн. сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Маҳаллий бюджетларга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш натижасида, бюджетга қарийб 120,0 млрд. сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди. Жумладан, Самарқанд вилоятида 27 млрд. сўм, Тошкент вилоятида 21,4 млрд. сўм, Наманган вилоятида 6,3 млрд. сўм ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30,4 млрд. сўм, Бектемир туманида 19,4 млрд. сўм ва Сергели туманида 13,3 млрд. сўм қўшимча даромадлар аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи бўйича давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, Президентнинг қарорлари, шунингдек хорижий мамлакатларга давлат ташрифлари давомида имзоланган келишув ва ҳужжатларни амалга оширишнинг тўлиқлиги ва самарадорлиги бўйича назоратни ташкил этиш ишлари Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилган.

Парламент қуйи палатаси мажлисида Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботи эшитилганидан кейин унинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари  Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларнинг дастлабки таннархи шаклланишини ва уларнинг сифатини назоратга олишни,  таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича дастурларнинг шакллантирилишида долзарблилик, адолат ва шаффофлилик тамойилларининг устуворлигини таъминлашга эришиш муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси Ҳисоб палатаси томонидан ҳудудларда аниқланган муаммоли масалалар ва камчиликларни бартараф этиш, уларга келгусида йўл қўймаслик ва олдини олиш ҳамда бюджет маблағлари самарадорлигини таъминланишда маҳаллий бюджетлар ижросининг ҳар чоракдаги ижросини вакиллик органлари томонидан муҳокама этилиши масалаларига эътиборини янада кучайтириш лозимлигини билдирдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар, ўрганишлар давомида соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар кўплаб учрамоқда, шу соҳаларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан парламент эшитувларини ташкил этиш лозимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ бюджетдан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш муассасалари учун дори воситалари ва тиббиётга мўлжалланган буюмларни сотиб олиш учун Давлат бюджетидан қўшимча 48 млрд. сўм кўзда тутилиши таъминланганини алоҳида эътироф этди.  

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари томонидан ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ҳисоб палатаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш бўйича ишларни тизимли равишда олиб боришини янада кучайтириш, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни тизимли равишда текшириб бориш юзасидан таклифлар билдирилди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг депутатлар қуйи палата мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойҳаларини биринчи ва иккинчи ўқишларда кўриб чиқдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 6895

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...