Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Парламент ва жамоатчилик назорати тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омил

Парламент ва жамоатчилик назорати тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омил Парламент ва жамоатчилик назорати тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омил

Жиззах вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини Жиззах вилоятида назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария давлат қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, вилоятнинг ушбу масалага дахлдор бўлган идора ва ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этдилар.

Республикамизда халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон учун, унинг манфаати ва турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ҳамда соғлом яшашига қаратилгандир. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, фуқароларнинг саломатлиги ва уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.


Таъкидлаш лозим, жорий йилнинг ўзида муҳтарам Президентимизнинг тиббиёт соҳасини ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиётни ривожлантириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар ушбу ҳужжатларда устувор вазифа этиб белгиланди.

Жорий йилнинг 12 декабрида бўлиб ўтган тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда муҳтарам Президентимиз “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиз” эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, Давлат раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий назорат қилиш ва мониторингини юритиш, ушбу соҳада амалга ошириладиган ишлар юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва қатъий назоратга олишни, ҳудудларни фақатгина текшириш эмас, балки жойлардаги реал ҳолатни чуқур ўрганган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш усулини жорий қилиш каби вазифаларни белгилаб берди.

Тадбирда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Жиззах вилоятида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганилганлиги ва вилоятда мазкур масалада қатор амалий тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаётгани таъкидланди. Уларнинг натижаси ўлароқ гўдаклар ўлими кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 2.5% га камайганлиги, 12 та турдаги юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишларини мунтазам ва тизимли амалга оширилиши натижасида вилоятда оҳирги 3 йилда полиомиелит, бўғма, қоқшол, қизамиқ, қизилча, кўкйўтал касалликлари рўйхатга олинмаганлиги қайд этилди.


Шу билан бирга, депутатлар вилоятда 2017 йилнинг 7 ойида рўйхатга олинган 28 турдаги касаллик кўрсаткичларининг 6 таси (21.4%) 2016 йилнинг шу даврига нисбатан ошганлиги ҳамда бруцеллез, Қрим Конго геморрагик иситмаси, қутуриш касалликларининг асосий манбаларига қарши тадбирлар тўлиқ олиб борилмаётганлигига эътибор қаратдилар.

Шунингдек, депутатлар “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига кўра Маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш тўлиқ амалга оширилмаганлиги, ушбу масала Комиссия томонидан вилоят сессияларида бирон маротаба ҳам кўриб чиқилмаганлигини танқидий баҳолашди. Йиғилишда депутатлар аҳоли саломатлигига бевосита таъсир этувчи чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш ҳолатлари талаб даражасида эмаслиги, канализация тизими ишламаслиги, аҳолини марказлашган тоза ичимлик суви билан етарлича таъминланмаганлиги, вилоятдаги аксарият туман ветеринария ва давлат санитария-эпидемиология марказларининг моддий-техник базаси қониқарли даражада эмаслигига алоҳида эътибор қаратишди.

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида Қонуннинг 14-моддасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки белгиланган бўлсада, аксарият ҳолларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг айнан ушбу Қонун ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги маълум бўлган.

Йиғилишда вилоят ҳокимлигининг мутасадди бўлими раҳбарларининг, тегишли ташкилот ва идораларнинг кун тартибидаги масала юзасидан ахборотлари эшитилди. Йиғилиш якунида қайд этилган камчиликларни бартараф этишга ҳамда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлашга қаратилган қатор аниқ тавсиялар берилиб, Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.



Кўришлар сони: 12839

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.08.2019
Миллий ахборот маконини ривожлантиришда журналистика соҳасининг устувор вазифалари муҳокама этилди

Қайд этилганидек, миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга,...

21.08.2019
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар халқимизга нима беряпти?

Шу ўринда бир маълумот. Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ...

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...