Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналиши

Таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналиши Таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналиши

2017 йил 5 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида  “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолати,  11 йиллик таълимни жорий этиш, коллежларда таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб масалалар” муҳокама қилинди.

Сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирлари, соҳа мутасаддилари иштирок этган кенгайтирилган йиғилишда Ҳаркатлар стратегиясида кўзда тутилган таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, хусусан узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш борасидаги вазифалар ижросининг бориши, умуман соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари депутатлар эътиборида бўлди.

Депутатлар таъкидладиларки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик таълим тизими жорий этилгани, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилаётганлиги, олий таълим тизимида ҳам малакали кадрлар тайёрлаш масаласи тубдан қайта кўриб чиқилиб, бир қатор янги олий таълим муассасалари ташкил этилганлиги ривожланишимизнинг бугунги кунида энг тўғри ва одилона қарордир. Жойлардаги учрашувлар давомида мазкур амалий саъйи-ҳаракатлар аҳоли, хусусан ота-оналар томонидан тўла қўллаб-қувватланаётгани, таълим жараёнларига янгича мазмун кириб бораётганини эътироф этаётганлари алоҳида қайд этиб ўтилди.  

Йиғилишда Олий таълим тизимидаги  ўзгаришлар натижасида жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг янги шакллари ҳисобига ўтган йилларга нисбатан яна 8 мингдан ортиқ ёшларнинг таълим олишига шароит яратилгани, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълимнинг ташкил этилгани, худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдан келиб чиқиб махсус таълимнинг йўлга қўйилиши келажакда малакали кадрларга бўлган талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлашга хизмат қилиши эътироф этилди.

Халқ таълими тизимида болаларнинг иқтидоридан келиб чиқиб, деярли барча худудларда ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши, шунингдек, давлат таълими билан бир қаторда нодавлат таълим тизимининг ривожлантирилиши фарзандларимизнинг сифатли таълим олишини кафолатлади. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини янада кенгайтирди.

Йиғилишда маълумот  берилганидек, 2017 йил Инвестиция дастурига кўра республика бўйича 484 та умумтаълим муассасалари объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 894 та умумтаълим мактаблари умумий қиймати 64,1 млрд сўмлик мебель, ўқув лабаратория асбоб-ускуналари, компьютер ва спорт анжомлари билан таъминлангани эса таълимнинг сифати ва самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.

Депутатлар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр билдирар эканлар таълим йўналиши бўйича Ҳаркатлар стратегиясида белгиланган  вазифаларни изчиллик билан амалга оширишда соҳага оид қонунларни инвентаризация қилиб бориш, тизимдаги ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда қонунчиликни такомиллаштириб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Шу билан бирга, депутатлар мамлакатимиз  Президентининг соҳага оид қарор ва фармонларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва изчил бажарилишини таъминлаш, жойларда юзага келаётган масалаларни вазирликлар ва маҳаллий давлат  ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳал этиш чоралари юзасидан аниқ таклифлар билдирдилар.

Кенгайтирилган мажлис якунида қўмита таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши юзасидан ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилиб олди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

  

Одинахон Жамолдинова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Охирги бир йил ичида Президентимизнинг таълим соҳасига оид қабул қилган қарор ва фармонлари таълим тизимида туб ўзгаришларга олиб келди. Шу ўринда биз депутатлар мазкур ҳужжатларни ҳаётга самарали тадбиқ этилишини, жойлардаги соҳа вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда ташкил этишимиз лозим. Бунинг учун нафақат таълимни бошқарувчи органлар, балки кенг жамоатчилик билан муҳокамалар ўтказишни, қолаверса бу борада парламентимиз томонидан  соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг изчил такомиллаштириб бориш, уларнинг ижро механизмларини кучайтиришга ва ижроси юзасидан доимий назоратни амалга оширишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда.

Акбар Эшмуродов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва марифат маркази директори:

– Бугунги кунга қадар  ўрта махсус маълумотга эга мутахасислар олдида бир қатор жиддий  муаммолар мавжуд эди. Янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, олий таълим муассасаларига квоталарнинг оширилиши, 12 та йўналишда кечки ва сиртқи бўлимларнинг ташкил этилиши ёшларнинг олий таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга, пировардида малакали кадрлар заҳирасини шакллантиришга катта туртки берди. Бугун Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилиш ва депутатлар томонидан соҳага эътиборнинг кучайтирилиши, албатта олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга хизмат қилади.

  Саидахрор Сейткамолов, Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи:

– Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида  имзоланаётган ҳар бир ҳужжатда келажагимиз бўлган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга долзарб масала сифатида қаралмоқда. Айниқса, парламент, фракциялар аъзолари билан бўлиб ўтган бугунги йиғилиш таълим соҳасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни самарали амалга оширишга хизмат қилади. Тадбирда  парламент ва депутатлик назоратидан кенг фойдаланган ҳолда Президент белгилаб берган вазифалар ижросини назорат қилиш масалалари муҳокама қилинди. Чунончи, келажак авлод таълимидек ўта долзарб масалага парламент бефарқ эмас. Буларнинг барчаси Қонунчилик палатаси билан бирга вазирлик олдига янада катта вазифаларни юклайди. 


Кўришлар сони: 75

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...