Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Қонун талаблари назорат-таҳлил тартибида ўрганилди

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Фарғона вилоятидаги давлат органлари тизимидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг таъминловчи муҳим қонун ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Қонуннинг қоидалари асосида давлат органлари фаолияти ҳақидаги ахборотлар билан жамоатчиликни, биринчи навбатда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор масалалар бўйича қабул қилинаётган қарорлардан аҳоли, жамоат ташкилотларини хабардор қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилган. Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг назорат-таҳлил фаолияти айнан ушбу қонуннинг амалдаги ижроси кўп жиҳатдан давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги билан боғлиқ.

Назорат-таҳлил фаолияти муқаддам Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ушбу субъектларда ташкил этилган туркум семинарларининг амалдаги самарасини баҳолашга имкон яратди. Ташкил этилган семинарлар давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги, Фарғона вилоятидаги давлат органлари раҳбарлари ва ахборот хизматлари ходимлари “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалиётда қўллашга оид методик тавсиялар, очиқликни таъминлаш борасида самарали фаолият юритаётган давлат органларининг илғор тажрибалари билан танишиш имконига эга бўлдилар.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси бўйича назорат-таҳлил тадбирини амалга ошириш давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги, вазирликнинг Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бошқармаси, вазирлик тасарруфидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Фарғона вилояти ва Олтиариқ тумани ҳокимияти ҳамда “Ўзстандарт” агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси фаолияти ўрганилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга ахборот соҳасининг мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳининг аниқлашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни амалиётга тадбиқ этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг интернет глобал тармоғида расмий веб-сайтлари фаолияти йўлга қўйилиб, тизимли равишда маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда, зарур ахборотларни ҳамма кириши мумкин бўлган жойларга жойлаштириш, архив ва ахборот-кутубхона фондлари орқали тақдим этиш тизими жорий қилинган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотлар тайёрлаш уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, ахборот хабарлари (пресс релиз, бюллитень ва б.) тайёрлаш билан шуғулланувчи ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Назорат таҳлил фаолиятининг алоҳида ўзига хослиги шундаки, ўрганишнинг дастлабки вақтлариданоқ жараённи ёритишга оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилди. Ўрганиш жараёнларининг бевосита ёритиб борилиши ўз ўрнида ўрганилаётган қонун юзасидан жамоатчиликнинг фикри билан танишиш имкониятини берди. Йиғилиш давомида оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ўртасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлик соҳасидаги фаолиятидан қониқиш даражаси бўйича ўтказилган ижтимоий сўровнома натижалари эълон қилинди. Маълум қилинишича, сўровномада иштирок этган оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятлари институтлари вакилларининг 92% давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиб келмоқда, 95% қонун талабига мос равишда ахборот олишга доир сўровларига ўз вақтида жавоб олишмоқда, 98% давлат органлари томонидан ташқил этилган оммавий тадбирларда (матбуот анжумани, брифинг ва б.) иштирок этган.

Сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасидаги ишларнинг истиқболдаги самарадорлигини ошириш тегишли қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш билан боғлиқдир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги 320-сонли қарори асосида тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида ўрганиш олиб борилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасидаги ишларни яхшилаш, веб-сайтларни зарур маълумотлар билан таъминлаб бориш, ахборот хизматларининг фаолиятини жонлантириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмини ривожлантириш ва фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан қониқиш даражасини ошириш борасида қонун талабларини таъминлашда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур тавсиялар билдириб ўтилди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни амалиётга тадбиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни кучайтиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилаётган қарорлари бўйича масъулиятини ошириш шунингдек, ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир тегишли қарори қабул қилинди.   


Кўришлар сони: 5142

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...