Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Назорат-таҳлил фаолияти

Энергетика соҳасидаги қонунчилик талаблари ўрганилди

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг энергетика тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб, мамлакатимизда ўзини-ўзи таъминлайдиган – энергетик мустақил давлатга айланди. Энергетика тармоғи ривожланиши учун кенг имкониятлар ва шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқий асослари ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси эса тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу маънода жорий йилнинг 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун талабларининг Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ижросини назорат-таҳлил фаолияти тарзида ўрганиш якунлари натижаларига оид йиғилишида ҳам айни шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли ташкилотлар, идоралар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек экспертлар, мутахассислар ва ОАВ иштирок этишди.

Таъкидландики, мамлакатимизда энергетика соҳасининг ҳуқуқий асослари 1997 йил 25 апрелдаги “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунларҳамда электр энергетикаси соҳасидаги муносабатларни белгилаб берувчи 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикаси энергетикасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 февралдаги Фармонига асосан, энергетика соҳасида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, энергетика тармоқлари корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда шу асосда мамлакат энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, иқтисодиётимиз ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Ўзбекэнерго” акциядорлик компанияси ташкил қилинган бўлиб, унинг асосий вазифаси Республика иқтисодиёти ва аҳолисини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, республика энергетика тизими иш режимларини бошқариш ва мувофиқлаштириш ҳисобланади.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик компанияси структурасида 54 та корхона ва 40 та акциядорлик жамияти, 11 та унитар корхона ҳамда 3 та масъулияти чекланган жамият фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 10 та иссиқлик электр станцияси, 6 та гидро электр станцияси, 5 та магистрал электр тармоқлари мавжуд.

2014 йилда “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳажми - 55,4 млрд.кВт∙соат бўлиб, шундан гидро электр станциялари орқали - 5,1 млрд.кВт∙соат ёки умумий қувватнинг 9 фоизи, иссиқлик электр станциялари орқали эса 49,3 млрд.кВт∙соат ёки умумий қувватнинг 89 фоизини ҳамда вазирлик ва идораларнинг блокстанциялари орқали 2 фоизи ишлаб чиқарилган.

2014 йилда республикамиз истеъмолчиларига 43,2 млрд. кВт∙соат электр энергияси етказилиб берилган, жумладан аҳолига 10,2 млрд. кВт∙соат етказилган. Жами истеъмолчилар сони 5,9 млн.тани ташкил қилади.

2014 йилда Инвестиция дастури бўйича 760,5 млн.АҚШ доллари ўзлаштирилган ва 9 та инвестиция объектларининг қурилиши тугатилган. Инвестиция дастури доирасида 123,2 км узунликдаги “Сирдарё ИЭС – Янги-Ангрен ИЭС” юқори вольтли линия лойиҳасининг қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг иккинчи гидроагрегати ва Сирдарё ГЭСнинг иккита энергоблокида модернизациялаштириш ишлари тугатилди.

«Жиззах» эркин индустриал зонасида хорижлик ҳамкорлар иштирокида қуёш энергияси орқали сув иситиш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи “Қуёш иссиқлик энергияси” МЧЖ ва энергия тежамкор светодиодли ёритиш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи “Ёрқин чироқлар” МЧЖ иккита қўшма корхона ташкил этилган. Жанубий Корея давлатининг грант маблағларини жалб қилган ҳолда Наманган вилоятининнг Поп туманида қуввати 130 кВт бўлган фотоэлектрик станция фойдаланишга топширилган.

Қўмита томонидан “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги ижроси назорат-таҳлил фаолиятига тайёргарлик жараёнида Ишчи гуруҳи таркибига депутатлар, мутассадди вазирлик ва идоралар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар гуруҳи жалб этилиб, соҳага доир барча норматив-ҳуқуқий база кўриб чиқилди ва тегишли маълумотлар таҳлил қилинди. Ўрганиш даврида Ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги электр тармоқлари корхоналари фаолияти билан танишилди, соҳа мутахассислари билан фикр алмашилди, жойларда ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги ҳамда фойдаланилмаган имкониятларнинг мавжудлиги аниқланди. Масалан, Талимаржон иссиқлик электр станцияси умумий қувватдан фойдаланиш даражаси 95 фоиз бўлган ҳолда Муборак иссиқлик электр марказида эса ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этмоқда.

– Шунингдек, ўрганилган вилоятларда электр энергия таъминотида барқарорликка эришиш, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш, малакали ходимлар тайёрлаш ва мавжудларининг касбий маҳоратини ошириш бўйича олиб борилган ишлар бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти, – дейди қўмита аъзоси Назир Собиров.

Йиғилишда ўрганилган мавзу доирасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш, ушбу соҳадаги мавжуд қонунчилик базани такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда мазкур масала юзасидан, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳокими ўринбосарлари ахборот берди. Муҳокамаларда депутатлар, мутахассислар ҳамда экспертлар мамлакатимизда ушбу соҳани янада ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Йиғилиш якунида назорат-таҳлил фаолиятининг натижалари юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 


Кўришлар сони: 2259

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.02.2017
Омбудсман 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни депутатларга тақдим этди

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий...

14.02.2017
Ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш инсон манфаатларига хизмат қилади

Жорий йилнинг 14 февраль куни Сурхондарё вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари...

13.02.2017
Аҳоли фаровонлиги бевосита халқ билан мулоқотлар орқали таъминланади

Жорий йилнинг 13 февраль куни халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда...