Cайт ранги: A A


Назорат-таҳлил фаолияти

Тошкент шаҳрида 8,1 миллиард сўмлик риэлторлик хизматлари кўрсатилган

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг Тошкент шаҳрида ижро этилиши бўйича ўтказилган назорат-таҳлил якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидландики, Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун 2011 йил 23 июндан бошлаб кучга кирганлиги муносабати билан республикада риэлторлик фаолиятининг қонуний базасига асос солинди. Илк бора риэлторлик фаолияти Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг изчиллигини акс эттирувчи иқтисодиётнинг мустақил бўлаги сифатида белгиланди, риэлторлик касби эса ўзининг расмий эътирофига сазовор бўлди.

Қонунда асосий тушунчалар шакллантирилди ва илғор халқаро тажрибага асосан ушбу фаолият турини ривожлантириш мақсадида риэлторлик хизматларини кўрсатишга бўлган асосий талаблар белгиланди. Биринчи марта кўчмас мулк мулкдори ушбу Қонун асосида кўчмас мулк бозорининг турли тоифадаги иштирокчиларидан мустаҳкам ҳуқуқий ҳимояланиш имконига эга бўлди.

Қонун қабул қилинган пайтдан бошлаб ўтган даврда республикада кўчмас мулк бозорининг ривожланишига ижобий таъсир қилганлигини қайд этиш лозим.

Аввало, бу иқтисодиётнинг ушбу секторида норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишидир. Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни нормаларини рўёбга чиқаришни таъминлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Қонун билан риэлторлик фаолиятини давлат томонидан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларни лицензиялаш ва жисмоний шахсларни сертификатлаш йўли билан тартибга солиш белгилаб қўйилди.

Умуман республикада 2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 1122 нафар жисмоний шахс риэлторнинг малака сертификатларини олган, 158 та юридик шахс ва 10 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга бўлганлар, шу жумладан Тошкент шаҳри бўйича 535 нафар жисмоний шахс малака сертификатларини олган, 84 та юридик шахс ва 5 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларни олишган. 2013 йилда Тошкент шаҳри бўйича кўрсатилган риэлторлик хизматларининг ҳажми 8,1 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2012 йилдаги билан қиёслаганда 24,6 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Миллий ахборот коммуникация тизимини келгусида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида интерактив давлат хизматлари Ягона портали орқали тадбиркорларга риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ва риэлторнинг малака сертификатини олиш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш бўйича интерактив давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирги пайтда истаган киши Давлат рақобат қўмитасининг интернет веб-сайти (www.gkilicenz.uz) да лицензия олиш ва малака имтиҳонларидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, имтиҳонлар ўтказиш жадваллари, шунингдек имтиҳонлар натижалари билан танишиши мумкин. Лицензия талабгори on-line режимда унинг аризаси кўриб чиқишнинг қайси босқичида эканлигини билиб олиши мумкин.

Ўрганиш мобайнида риэлторлик хизматларининг асосий қисмини кўчмас мулк объектлари билан битимлар тузишда воситачилик ҳамда ахборот-маслаҳат хизматлари ташкил қилиши маълум бўлди. Риэлторлик ташкилотларининг асосий қисми ўз фаолиятларини
Тошкент ш. (89) ва Самарқанд ш. (21) олиб боришмоқда. Риэлторлик ташкилотларини ташкил этиш Жиззах (2), Сурхандарё (1), Сирдарё (2) вилоятларида суст суръатларда олиб борилмоқда.

Риэлторнинг малака сертификатини бериш бўйича ишларни ўрганиш давомида 2011 йилда 302 та, 2012 йилда – 131 та, 2013 йилда – 88 та ва 2014 йилнинг I чорагида 14 риэлторнинг малака сертификатлари берилганлиги аниқланди. Берилган риэлторнинг малака сертификатларининг 47,7 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Мажлисда, шунингдек риэлторлик хизматларининг жорий аҳволи ва ривожлантириш истиқболлари ҳамда риэлторлик фаолиятида қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамада иштирок этган риэлторлик ташкилотларининг вакиллари, экспертлар, вазирлик ва идораларнинг мутахассислари мазкур турдаги тадбиркорлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз мулоҳазаларини айтиб ўтдилар.

Мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Кўришлар сони: 2561

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2017
Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

22.09.2017
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари...

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...