Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Фракциялар ва депутатлар гуруҳи

Қонунчилик палатаси депутатлари сиёсий, профессионал ва бошқа асосда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари шаклида депутатлар бирлашмаларини тузиши мумкин.

Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Депутатлар гуруҳларини Қонунчилик палатаси таркибига сайланган, сиёсий партиядан кўрсатилмаган депутатлар тузишга ҳақли.

Қонунчилик палатаси депутатининг фракцияга ёки депутатлар гуруҳига кириши тўғрисидаги қарор уларнинг мажлисларида қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг депутати фақат бир фракция ёки депутатлар гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Депутатлар бирлашмаларининг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Қонунчилик палатаси Регламентида белгиланади.

Қонунчилик палатасининг камида тўққиз нафар депутати фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш ҳуқуқига эга.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари рўйхатдан ўтиши керак. Қонунчилик палатасининг мажлисида фракция ва депутатлар гуруҳининг раҳбари ёки бошқа вакили тегишинча фракция ёки депутатлар гуруҳи тузилгани ҳақида палатага ахборот беради, бу Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади.

Қонунчилик палатаси фракция ва депутатлар гуруҳи тузилгани тўғрисида қарор қабул қилади.

Фракция ва депутатлар гуруҳи:

  • Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар киритади;
  • Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинаётган ҳар бир масала юзасидан музокараларда фракция, депутатлар гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши ҳуқуқидан фойдаланади;
  • келишув комиссияси ва бошқа комиссиялар тузиш тўғрисида масала қўяди;
  • Қонунчилик палатаси мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мурожаат этади;
  • Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинаётган масала юзасидан фракциянинг, депутатлар гуруҳининг фикрини Қонунчилик палатаси депутатлари ўртасида тарқатади;
  • палатанинг Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари ишида иштирок этади;
  • Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ва бошқа қарорларнинг лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини киритади;
  • ҳукумат аъзоларини уларнинг фаолияти масалалари юзасидан эшитиш тўғрисида масала қўяди;
  • фракциянинг, депутатлар гуруҳининг фаолияти учун зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиб олади;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
  • муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;
  • Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.
  • Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.03.2017
Энергетика салоҳиятини юксалтириш депутатлар эътиборида

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар...

28.03.2017
Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар

Жорий йилнинг 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда...

28.03.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати тиббий хизмат сифатини оширишнинг таъсирчан омили

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини...

Тадбирлар тақвими