Cайт ранги: A A


Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги

НИЗОМ

1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 48-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ҳолда, турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини, қонун лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ваколатлари муддатига тузилади.

2-модда. Комиссия Қонунчилик палатасининг қарори билан депутатлар орасидан Комиссия раиси, раис ўринбосари ва аъзоларидан иборат ўн беш кишигача бўлган таркибда тузилади.

3-модда. Комиссия зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишини таъминлаш мақсадида унинг ҳузурида Қонунчилик палатаси Девони тегишли бўлимларининг ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Комиссиянинг ишчи органи Қонунчилик палатаси Девонининг Матбуот ва таҳририят бўлимидир.

4-модда. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардир:

қонун лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига риоя этилишини таъминлаш;

қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ҳолда, турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш;

қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларни қўллаш изчиллигини сақлаш;

тегишли маънони англатувчи сўзларни қонун лойиҳаларида бир хил шаклда қўллаш;

бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни қонун нормаларига зиён етказмаган ҳолда таҳрир қилиш.

5-модда. Комиссия:

қонун лойиҳаларининг матнлари ва уларга илова қилинадиган материалларни Қонунчилик палатаси қўмиталаридан ва Девони бўлимларидан олдиндан олишга;

қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисларидаги моддама-модда муҳокамаларга тайёрлашда норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалалари бўйича Қонунчилик палатаси қўмиталари ва Девони бўлимлари билан биргаликда ишлашга;

Қонунчилик палатаси ва қўмиталар мажлисларида қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг ягона шаклда ва тўғри қўлланилиши масалалари бўйича сўзга чиқишга, шунингдек Комиссия хулосасини баён этишга ҳамда ҳимоя қилишга;

тегишли соҳада қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий атамалар бўйича юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия мажлисларига экспертлар, олимлар ва мутахассисларни таклиф этишга ҳақлидир.

Комиссия ушбу Низомга, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6-модда. Комиссия:

«Давлат тили ҳақида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ҳамда «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ушбу Низом, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ҳолда, турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини таъминлаши;

тақдим этилган қонун лойиҳаларини ўз вақтида кўриб чиқиши, улар юзасидан ўз хулосаларини баён этиши ҳамда қонун лойиҳаларида акс эттириши;

қонун лойиҳасининг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилишига доир талабларга риоя этиши;

қонун лойиҳаларида эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўймаслиги;

қонун лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга аниқ риоя этилишини таъминлаши шарт.

Комиссиянинг зиммасида ушбу Низомга, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

7-модда. Комиссия аъзоси:

қонун лойиҳалари матнларини ва уларга илова қилинадиган бошқа материалларни олдиндан олишга;

норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қўлланилиши масалалари бўйича Қонунчилик палатаси қўмиталари ва Девонининг тегишли бўлимлари билан биргаликда ишлашга;

Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг кейинги босқичларида баён этишга ҳақлидир.

Комиссия аъзоси ушбу Низомга, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

8-модда. Комиссия аъзоси:

«Давлат тили ҳақида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ва «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ушбу Низом, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

Комиссия ишида, шу жумладан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида иштирок этиши;

тақдим этилган қонун лойиҳалари матнларини ва уларга илова қилинадиган бошқа материалларни ўз вақтида кўриб чиқиши;

тақдим этилган қонун лойиҳалари матнларини ва уларга илова қилинадиган бошқа материалларни ўрганиши ҳамда таҳлил қилиши, улар юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар тайёрлаши шарт.

Комиссия аъзосининг зиммасида ушбу Низомга, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

9-модда. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

10-модда. Комиссия ўзига тақдим этилган қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, беш иш куни ичида кўриб чиқиши ва Комиссия мажлисини ўтказиши керак. Зарур бўлган ҳолларда, мазкур муддат масъул қўмита билан келишувга кўра Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан ўзгартирилиши мумкин.

11-модда. Комиссиянинг Қонунчилик палатаси мажлисига иккинчи ўқишда, заруратга қараб эса учинчи ўқишда киритилаётган қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлисида масъул қўмита раиси ва қонун лойиҳаси бўйича масъуллар ҳозир бўлиши шарт. Комиссия мажлисида бошқа қўмиталарнинг аъзолари ҳам иштирок этиши мумкин.

Комиссия мажлисида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг ягона шаклда ва тўғри қўлланилиши масалаларини ҳал этиш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари иштирок этиши шарт.

12-модда. Комиссиянинг ишчи органи:

иккинчи ўқиш учун тайёрланиб, таржима ва таҳрир қилинган қонун лойиҳасининг матнини Комиссия ҳамда унинг ишчи гуруҳи аъзоларига масъул қўмита раисининг имзоси билан тарқатиши;

қонун лойиҳаси бўйича Комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт ва жойни Комиссия раиси билан келишилган ҳолда аниқлаб, бу ҳақда Комиссия ва унинг ишчи гуруҳи аъзоларини ўз вақтида хабардор қилиши;

Комиссия қабул қилган ўзгартишларни, қоида тариқасида, уч иш куни ичида қонун лойиҳасига киритиши ва уни масъул қўмитага тақдим этиши шарт.

13-модда. Комиссия муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳасига норматив-ҳуқуқий атамаларга доир ўзгаришларни Комиссия ҳамда масъул қўмитанинг розилигисиз киритишга йўл қўйилмайди.

14-модда. Комиссия ўз муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳаларида қўлланилган норматив-ҳуқуқий атамалар бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган барча масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси олдида тегишли қўмита билан бирга масъулдир.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими